Қозоғистонда йил бошидан бери 4 та терактнинг олди олинди

Олам

image

Жорий йил Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) ходимлари томонидан тўртта террорчилик ҳаракати учун тайёргарлик барбод қилинди. Терроризм ва экстремизмга алоқадорликда гумонланиб, 44 киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Ермек Сағимбоев билан учрашуви якунлари бўйича Оқўрда матбуот хизмати хабар берди. 

Билдирилишича, жорий йилда терроризм ва экстремизмга алоқадорлик учун 84 киши судланган. Сурия ва Туркиядан террористик характердаги жиноятларда гумон қилиниб қидирувда бўлган олти нафар Қозоғистон фуқароси экстрадиция қилинган, уларнинг иккитаси судланган. Терроризм ва экстремизмга алоқадор 824 хорижликнинг Қозоғистонга кириши тўхтатилган.

Шунингдек, МХҚ Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда 19 та уюшган жиноятчилик гуруҳини зарарсизлантирган ва 60 нафар шахсни ҳибсга олган. Ноқонуний муомаладан 505 та ўқотар қурол, бешта қўлбола портловчи қурилма, 45 та портловчи пакет ва 15 046 дона ўқ-дори мусодара қилинган.

“33 та гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарувчи лаборатория, шунингдек, уларни халқаро ва минтақавий ташувчи 66 та канал йўқ қилинган. Ноқонуний муомаладан 3,2 тонна гиёҳванд моддалар ва психотроп воситалар, 4,5 тонна гиёҳвандлик хомашёси ҳамда 18,8 тонна прекурсорлар олиб қўйилган. Гиёҳванд моддалар ва психотроп воситаларнинг ноқонуний муомаласи учун 162 киши судланган”, дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, давлат чегарасида тахминан 55 минг ҳуқуқбузар қўлга олинган, 1 300 дан ортиқ қурол-яроғ, ўқ-дори, гиёҳванд моддалар ва бошқа тақиқланган буюмларни олиб ўтишга уринишлар тўхтатилган. Ноқонуний миграциянинг 20 та канали йўқ қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси таркибидаги Доғистон республикасида теракт уюштиришда гумонланиб, беш киши қўлга олингани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон теракт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг