Қозоғистондаги гўшт бозорида “Сибир куйдиргиси” аниқланди
Олам
−
07 Декабрь
3046Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги энг йирик ҳисобланган “Дина” бозоридаги чакана савдо объектларини текшириш чоғида куйдирги бактерияси аниқланди. Бу ҳақда вилоят Санитария-эпидемиология назорати департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, пичоқни ювишда бактериялар топилган. Гўшт сотилган павильон вақтинча ёпилган, жойларда дезинфекция тадбирлари олиб борилмоқда.
Бўлим маълумотларига кўра, тезкор тестлар патоген борлигини тасдиқлаган. Шу туфайли лаборатория текширувлари натижалари олинмагунча павильон ишини тўхтатишга қарор қилинган. Барча зарур дезинфекция чоралари санитария меъёрларига мувофиқ амалга оширилади. Павильонда ишлаётган якка тартибдаги тадбиркорлар рўйхати шакллантирилиб, улар 14 кун давомида шифокорлар назоратида бўлади.
“Аввалроқ, санитария хизмати мутахассислари томонидан шаҳардаги 65 дан ортиқ савдо объектлари текширувдан ўтказилиб, 700 дан ортиқ намуналар олинган бўлса-да, такрорий кўрикдан сўнг қўшимча намуналар олиниб, улар Миллий экспертиза марказида текширилмоқда. Натижалар яқин кунларда маълум бўлади”, дейилган департамент хабарида.
Атирау шаҳри аҳолисига ветеринария назоратидан ўтган гўшт сотиб олиш, овқатни камида 70 даража ҳароратда яхшилаб пишириш, хом гўшт билан алоқа қилгандан кейин қўл ва асбоб-ускуналарни ювиш, келиб чиқиши номаълум гўшт ёки етарли даражада иссиқлик билан ишлов берилмаган маҳсулотларни истеъмол қилмаслик тавсия этилган.
“Сибир куйдиргиси одамдан одамга юқмайди, фақат ҳайвонлардан ёки уларнинг маҳсулотларидан юқиши мумкинлигини эсга олиш керак”, дея таъкидлаган бошқарма матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги Улкен Аксу қишлоғи куйдирги туфайли карантинга олинганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15