“Интер” ўтган мавсум даромади бўйича А Серияда рекорд ўрнатди
Спорт
−
18 Октябрь 898 2 дақиқа
16 октябрь куни Миланнинг “Интер” клуби 2024–2025 йилги мавсум учун молиявий ҳисоботларни эълон қилди. Унга кўра, миланликлар 35,4 миллион евро соф фойда ва 567 миллион евро даромад қайд этиб, А Серия жамоалари тарихида рекорд натижани қайт этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, бу натижа “Интер” тарихидаги энг катта фойда ва Италия футболи учун ҳам рекорд даромад кўрсаткичига айланди. Олдинги мавсумда клуб 35,7 миллион евро зарар кўрган эди. Шундай қилиб, соф ўсиш 70 миллион еврога тенг бўлди.
Клуб раҳбари Жузеппе Маротта бу ютуқни “Интер”нинг замонавий тарихидаги муҳим босқич сифатида баҳолаб, “биринчи марта биз соф фойда кўрдик, бу эса барқарорлик, операцион самарадорлик ва стратегик бошқарув натижасидир”, деди.
Даромад ўсишига жамоанинг ички чемпионатдаги муваффақиятлари, Европа Чемпионлар лигасида финал босқичига қадар етиб боргани ва FIFA клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги иштироки таъсир кўрсатди. Шу билан бирга, молиявий ҳисоботларда “Интер”нинг операцион харажатлари 3,8 фоизга – 482 миллион еврога ошгани қайд этилди.
Шунингдек, клуб Аппьяно-Жентиле шаҳридаги ўқув базасини кенгайтириш учун 40 миллион евро миқдорида молиялаштиришни тасдиқлади. Лойиҳа доирасида иккита янги футбол майдони қуриш, спорт марказини модернизация қилиш ва қўшимча ер участкаларини сотиб олиш режалаштирилган.
Маълумот учун, “Интер” жамаоси жорий мавсум А Серияда 6 та учрашувда майдонга тушди. Клуб 4 та ғалаба 2 мағлубият қайт этган ҳолда турнир жадвалида 4-поғонада бормоқда.