Сайёра Хўжаева: “Ички ишлар соҳасида муаммолар кўп”

Жамият

image

Ўзбекистон сиёсий элитаси ва жамоатчилик фаолларининг кўп қисми мамлакатда ҳуқуқ-тартибот органлари, хусусан Ички ишлар органлари ходимларининг кундалик фаолияти оғир жисмоний ва руҳий зўрқишлардан иборат бўлиб қолаётгани, шу сабаб улар хатоларга йўл қўяётганини таъкидламоқда. Жамоатчилик фаолларининг фикрича, ички ишлар органлари ходимлари бир неча ҳафталаб оиласи, фарзандларини кўрмайди. Улар билан вақт ўтказмайди, ҳордиқ чиқармайди. Бу ҳақда Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида ўтган жамоатчилик мулоқотида яна бир бор сўз очди. Унинг қайд этишича, ички ишлар органлари ходимлари маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўз ваколати ва мажбуриятига кирмайдиган ишларга жалб этилади. 

“Ҳақиқатан ҳам ички ишлар соҳасида муаммолар кўп, тизим ислоҳталаб. Ходимларининг ваколат доирасидан четга чиқиб, бошқа ишларга жалб этилиш ҳолатлари мавжуд. Бир сўз билан айтганда, улар универсал. Масалан, АҚШда икки полициячига минг нафар аҳоли тўғри келар экан. Бизда бир участка нозирига уч минг, ўн минг аҳоли тўғри келяпти. Улар аҳоли билан ишлашда қийналмоқда. Айрим участка нозирлари ваколат доирасига кирмайдиган вазифалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланяпти”, дейди инсон ҳуқуқлари фаоли. 

Ўзбекистонда йил бошидан буён камбағалликка қарши курашиш масаласи устувор бўлиб турибди. Президент Мирзиёев бошлаб берган ушбу ислоҳот  мамлакатда қанча қашшоқ борлигини сув юзасига чиқарди. Аммо ҳали натижалар мақтангулик эмас. Аслида бу ислоҳотларни ижро этиш Бош вазир ва унинг ўринбосарларига юклатилган. Сайёра Хўжаеванинг қайд этишича, маҳаллий ҳокимликлар камбағаликка қарши курашиш борасида ҳам ички ишлар органлари ходимларини “тиргак” қилиб олган. 

“Мен тушунаман — одамларни тийиб туриш “қуроли” сифатида ҳокимлар уларни ишлатишади, прокурор, ички ишлар ходимларини ёнида олиб юришади. Солиқчилар ҳам аҳоли уйига боришда улардан фойдаланишади, ҳозирда эса ҳатто, қашшоқлик билан курашиш масаласи ҳам улар зиммасига юкланибди. Қолаверса, маош масаласи ҳам бор. Участка нозири 3 млн ойлик олади, лекин иш вақти тартибга солинмаган – эрталаб уйидан чиқиб кетиб, ярим тунда кириб келади”.

Хўжаеванинг фикрича, Ўзбекистонда участка нозири деган масъулиятли лавозимни эгаллаш у қадар қийин эмас. Мамлакатда, ҳатто, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини битирган кадрлар ҳам 6 ойлик махсус курсда ўқигач, участка нозирлигига ишга киряпти.

“Бу соҳада кадрлар масаласи ҳам жуда долзарб. Масалан, Тошкент автомобиль йўллари институтини ёки Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини битирган кадрлар ҳам 6 ойлик махсус курсда ўқитилиб, участка нозирлигига ишга олинмоқда. Улар яхши инсон бўлишлари мумкин, лекин профессионал кадр эмас. Улар одамлар билан муомала қилиш бўйича етарли билимга эга бўлмасликлари мумкин”.


Мақола муаллифи

Теглар

Сайёра Хўжаева

Баҳолаганлар

232

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг