Иноуэнинг рақиби аниқ бўлди. У Аҳмадалиев билан ҳали жанг қилмайди
Спорт
−
11 Июль
3980Тўрт вазн тоифасида бокс бўйича жаҳон чемпиони япониялик Наоя Иноуэ навбатдаги жангини Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) йўналиши бўйича собиқ жаҳон чемпиони австралиялик Ти Джей Дохенига қарши ўтказади. Бу ҳақда ESPN хабар берди.
Манбага кўра, Иноуэ ва Дохени сентябрь ойида Токиода жанг ўтказади. Япониялик спортчи иккинчи вазн тоифасида чемпионлик унвонини ҳимоя қилади.
Аслида Иноуэ ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев билан жанг қилиши кутилаётганди, бироқ якунда Наоя Ти Джей Дохенига қарши рингга чиқишга қарор қилди. Аҳмадалиев эса Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) рейтингида 2-ўринни эгаллаган америкалик Рамон Карденас билан WBA камари учун жанг қилиши мумкин.
Наоя Иноуэ 31 ёшда. У профессионал рингда дебютини 2012 йилда ўтказган ва олтинчи жангида биринчи вазнда (50,8 кг гача) WBC чемпиони унвонини қўлга киритган. Кейинчалик у иккинчи енгил вазн тоифасида (52,2 кг гача) чемпион бўлди, шунингдек енгил вазн тоифасида (55,3 кг гача) ва иккинчи энгил вазнда мутлақ чемпион бўлди.