Ўзбекистонлик машҳур боксчилар устозига машина совға қилди (видео)
Спорт
−
29 Сентябрь 13888
Ўзбекистонлик профессионал боксчилар Муроджон Аҳмадалиев, Исроил Мадримов ва Баҳодир Жалолов устози – Тўлқин Қиличевга автомобиль совға қилди. Бу ҳақда спортчилар ўзларининг Instagram саҳифаларида пост жойлади.
Боксчилар 1 октябрь – устоз ва мураббийлар куни муносабати билан 42 ёшли мутахассисга Mercedes машинасини совға қилган.
Маълумот учун, Тўлқин Қиличев 2022 йилнинг август ойида Ўзбекистон миллий бокс жамоасига бош мураббий этиб тайинланган эди. Унинг раҳбарлигида терма жамоа қисқа вақт ичида тарихий натижалар қайд этишга муваффақ бўлди. Хусусан, 2023 йилда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳамда 2024 йилда ўтказилган жаҳон кубогида ўзбекистонлик боксчилар умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаб, бутун дунё спорт жамоатчилигининг эътиборини қозонди.
Бундан ташқари, 2024 йилда Париж Олимпиадасида ҳам Тўлқин Қиличев қўл остидаги шогирдлар улкан зафарларга эришиб, бешта олтин медални қўлга киритди. Бу натижа ўзбек бокси тарихида мисли кўрилмаган кўрсаткич сифатида қайд этилди.
Муваффақиятли фаолияти ва спортга қўшган беқиёс ҳиссаси учун Тўлқин Қиличев 2024 йилда Осиё бокс конфедерацияси томонидан қитъанинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилган.