Инқирозлар чангалидаги Гаити халқаро ҳарбий ёрдам сўради
Олам
−
08 Октябрь 2022
8630Кеча, 7 октябрь куни Гаити ҳукумати соғлиқни сақлаш, энергетика ва хавфсизлик инқирозлари билан курашда халқаро ҳамжамиятдан ҳарбий ёрдам сўради. Бу ҳақда CNN нашри хабар бермоқда.
Гап шундаки, 2021 йил июль ойида Президент Жовенель Моиз ўлдирилганидан кейин ҳукумат тепасига келган Бош вазир Ариэль Анри жорий йилнинг сентябрь ойида ёқилғи субсидиясини олиб ташлашни эълон қилди. Шундан сўнг, Гаитида бензин нархи икки баробар, дизель ёқилғиси нархи эса 89 фоизга ошди. Оқибатда мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетди. Гаитиликлар шаҳар кўчаларига чиқиб, нархларнинг юқорилиги, миллий валютанинг долларга нисбатан қадрсизланиши ва ёқилғи танқислигидан норозилик билдирди. Бу эса Гаитидаги оғир гуманитар вазиятни янада чигаллаштирди ва давлат вабо эпидемияси билан юзма-юз келди. Мамлакат жиддий ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий инқирозга юз тутган, жиноий гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар юзага келган, қатор ҳудудларда, айниқса, пойтахтда талончилик ва ёнғинлар қайд этилган. Минглаб Гаити аҳолиси мамлакатнинг турли шаҳарларида норозилик намойишларини давом эттириб, ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда.
Гаити Бош вазири Ариэль Анри телевидение орқали қилган мурожаатида халқаро ҳамжамиятни мамлакатга ёрдам беришга чақирган.
“Мен халқаро ҳамжамиятни бизга ёрдам беришга, вазият ёмонлашмаслиги учун бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга чақираман. Биз сув ва дори-дармонларни тарқата олишимиз керак, чунки вабо қайта тикланмоқда. Биз корхоналар фаолиятини қайта йўлга қўйишимиз ва шифокорлар, ҳамширалар жойларга етиб бориши учун йўлларни тозалашимиз керак. Ёқилғи тарқатиш ва мактабларни қайта очиш учун улардан ёрдам сўраймиз”, деган ҳукумат раҳбари.
Шунингдек, Гаити Бош вазири маслаҳатчиси Жан-Жуниор Жозеф ОАВ билан мулоқотда қайд этишича, мамлакат вабо исканжасида қолмоқда ва бунинг натижасида ҳукумат ҳарбий ёрдам сўрашга мажбур бўлган.
“Гаити оғир гуманитар инқирозга дуч келган, мамлакат вабо исканжасида, шифохоналар фаолиятини давом эттириши учун эса етарли энергия йўқ. 7 октябрь куни Гаити Вазирлар Кенгашида халқаро ҳамжамиятдан ҳарбий ёрдам сўрашга қарор қилинди”, дейди у
Маълумот учун, Гаитида соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, вабо инфекцияси саккиз кишининг ҳаётига зомин бўлган. “Чегара билмас шифокорлар” тиббий гуманитар гуруҳи маълумотларига кўра, октябрь ойининг биринчи ҳафтасида 68 та янги ҳолат аниқланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь