Inbazar. Замон муштумзўрникими?
Таҳлил
−
16 Сентябрь
10890Дам олиш кунлари кўплаб ўзбекистонликлар дам ололмади, айниқса ижтимоий тармоқ фаоллари. Уларнинг оромини Inbazar савдо марказида ходим хатоси учун калтаклангани акс этган видео ва ундан кейинги воқеалар бузди.
13 сентябрь куни Сергели туманида жойлашган савдо мажмуасида ишловчи 2001 йилда туғилган ходим ўзаро келишмовчилик оқибатида бирга ишловчи 2006 йилда туғилган Меҳрож исмли ходимни қўли билан урган ва “исқирт” дея ҳақорат қилган. Ушбу ҳолат савдо мажмуасининг 1998 йилда туғилган бошқа ходими томонидан тасвирга олинган.
Жабрдийда ходим нима хато қилдики, бундай таҳқирланса? Кўп ўтмай унинг айби “фош бўлди”. Маълум бўлишича, у бозор аравасини деворга уриб юборган. Ана бўлмаса, араванинг қадри одам қадридан баланд. Тарқалган видеолар одамларнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда Inbazar’га бойкот деган чақириқлар кўпайди.
Шундан сўнг, савдо мажмуаси асосчиси Омадбек Холматов ходимни ҳақоратлаган бошқа бир ходими ҳақида баёнот бериб чиқди. Унга кўра, бундай иши учун зўравон ходим тегишли жавобгарликка тортилади.
Кўп ўтмай Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси калтакланган фуқаро мазкур ҳолат юзасидан муқаддам ички ишлар органларига мурожаат қилмагани, аммо шундай бўлса-да ҳолат ўрганилиб, судга оширилганини маълум қилиб чиқди.
Бугун, 16 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судида зўравонлар иши кўриб чиқилди. Суд қарори билан ходимни калтаклаган савдо маркази вакили Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли, деб топилди ва унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шунингдек, “самосуд”ни тасвирга олган яна бир ходим ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилиб, 5 суткага қамалди.
Бренд обрўсини сақлаб қолиш учун Inbazar раҳбарияти бир кечанинг ўзида қўлидан келган барча ишларни қилди. Машҳурларни ҳолат бўйича муносабат билдиришга, Inbazar’нинг ёнини олишга чақирган бўлса, бошқа томондан калтакланган ходимга машинаю яхши лавозим бериб қўйди.
Аммо фойдаси бўлдими – йўқ! Бозор асосчиси Омадбек Холматовнинг ўзи бренд номини чандон тўкди. Ҳалигина зўравонликни кўриб шокка тушиб қолганини ва бунга қарши эканини билдирган раҳбарнинг ўзи зўравон бўлиб чиқди.
У ходимларини мунтазам ўзи калтаклаб ёки бошқаларга калтаклатиб келган. Ҳолатларни тасвирга олдириб, тағин ўрнак бўлсин дея бошқаларга намуна қилиб келган.
Ўзидан жазоловчи орган ясаб олган Омадбек Холматов тўрт йил олдин кўчада унга даҳли бўлмаган шахслар билан жанжаллашган бир йигитни иккита “укахонлари” билан қўрқитган. Йигит жанжаллашишни хоҳламаса ҳам уни калтаклатмоқчи бўлган. Бошқа бир видеода ходим ишхонага танишини киритгани учун уни аёвсизларча уриб, тепиб, ҳақоратлаб калтаклаган.
Яна бир видеода ишсиз йигитни “исқирт кийинган” дея таҳқирлаган, камситган. Омад Холматов ўзининг бундай зўравонликларини яширмаган, аксинча фахрланган. Мижозларга қўпол муносабатда бўлган ходимларни шунчаки меҳнат шартномасига кўра ишдан бўшатиб юбормай, балки ўзи калтаклаб, жазо бериб келган. Шуни айтадилар-да, балиқ бошидан айнийди деб.
Жамоатчилик фаоллари энди зўравон тадбиркор ҳам жавобгарликка тортилишини талаб қилиб чиқишни бошлади. Уларнинг айтишича, бундай хатти-ҳаракатларни оқлаб бўлмаслиги, зўравонлик қилган ким бўлишидан қатъи назар – раҳбар бўлсин, ходим бўлсин, жазоланиши керак. Зўравоннинг ёнини олганлар чемпион-у машҳур шахслар эса кескин танқидларга учради. Энг қизиғи, шунча вақт давомида у зўравонликлари учун бирон марта жавобгарликка тортилмаган. Балки шунинг учун собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев уни ўтда ёнмас, сувда чўкмас деб атагандир.
Бундан кўриш мумкинки, одамларнинг зўравонликка қарши бирикуви фойда берди. Савдо маркази филиаллари бирин-кетин вақтинча ёпила бошлади. Зўравон тадбиркор Омадбек Холматов устидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Қайд этиш жоизки, ҳозирда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеолардаги ҳолатлар эски бўлиб, муқаддам ҳеч ким ариза билан ички ишлар органларига мурожаат қилмаган. Ҳозир видеода акс этган шахсларнинг шахси аниқланиб, текширув ўтказилмоқда. Аммо Ғиёсов буни қора пиар дея атамоқда.
Тажрибали PR менежерларнинг бизга маълум қилишича, мазкур ҳолатда қора пиар аломатлари мавжуд эмас. Зўравонлик ҳолатлари билан брендни пиар қилиш тескари эффект беради ва буни жамият қоралайди. Бу брендга салбий оқибатларга олиб келади.
“Агар бу қора пиар бўлган тақдирда ҳам, демак яхши уйланмаган пиар”, дейди мутахассислар.
Аслида эса бу Ўзбекистонда меҳнат қонунчилигига тутилган бир ойна холос. Inbazar билан боғлиқ бўлган ҳолат мамлакатда бошқа кўплаб ишхоналарда тез-тез кузатилиб туради. Мамлакатда ўнлаб йиллар давомида хоҳ давлат ишчиси бўлсин, хоҳ ёлланма ходимлар доимий равишда ҳақоратланиб, таҳқирланиб ва ҳатто дўппосланиб келади. Йирик халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги меҳнат шароитларини яхшилаш учун йирик кредитлар ажратаётган ва вазиятни кузатиб турган бўлишига қарамай, вазият унча ўнгланмади.
Ҳатто Янги Ўзбекистон деб аталадиган даврда, яъни 2016 йилдан кейин ҳам меҳнат қонунчилиги бузилиб келган.
Масалан, яқиндагина 4 сентябрь куни Қўшработ тумани ҳокими ўринбосарини “Сен эшак, аҳмоқ, ҳайвон” деб ҳақоратлаганди ва бунинг учун фақат “ҳайфсан” олди.
2022 йилда Қорақалпоғистонда ЙҲХБ бошлиғи инспекторларга куч ишлатиб, ҳақорат қилганди.
2021 йилда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Тошкент вилояти Оққўрғон тумани Уста Нормат маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Икромовни уриб, ҳақоратлаганди. У бугун ҳам лавозимда ўтирибди.
2019 йилда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам қайсидир ишчини “латта”, “ифлос”, “ит”, “тилингни узаман сен маразларни”, “ҳезалак” каби ўта қўпол ва ҳақоратомуз сўзлар билан таҳқирлаган.
Ўзининг сўкишлари билан маълум-у машҳур собиқ Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса бугун Президент маслаҳатчисига ўринбосар. У ҳам қачонлардир дам олиш куни мажлис ўтказгани учун танқидлар остида қолганди.
Энг ачинарлиси, мамлакатда меҳнат қонунчилиги, инсон ҳуқуқлари куппа-кундуз куни бузилаётган бир пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси ҳаби йирик давлат органлари жим турибди.
Хуллас, токи меҳнат қонунчилиги давлат идораларида поймол қилинаётган, ходимлар ҳақоратланаётган ва бунинг учун енгил жазолар билан қутулаётган бўлса, ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган йирик давлат ташкилотлари сукут сақлаётган бир пайтда оддий тадбиркорнинг хулқини тарозига қўяверинг. Юқорида айтган мақолимизни такрорлаймиз – балиқ бошидан айнийди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15