Ҳар йили 1 млрд бола зўравонликка дучор бўлади – ЖССТ
Олам
−
09 Ноябрь
1607Ҳар йили дунёнинг ярмидан кўп болалари, яъни 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлади. Бу ҳақда кеча, 8 ноябрь куни Колумбия пойтахти Богота шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга бағишланган биринчи глобал вазирлар конференциясида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ЖССТ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Болалар жамғармаси (UNICEF) ташкил этган икки кунлик конференцияда 130 давлатнинг ҳукумат вакиллари, шу жумладан, 90 вазир иштирок этган. БМТнинг 2024 йилги ҳисоб-китобларига кўра, дунёда 15 ёшгача бўлган 2,04 миллиард бола бор. Вояга етмаганлар умумий аҳолининг тахминан 25 фоизини ташкил этади.
ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунёнинг ярмидан кўп (1 миллиарддан ортиқ) болалари зўравонликка учрайди. Конференция якунларига бўйича 100 дан ортиқ давлат болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича мажбуриятлар олган, 9 давлат эса жисмоний жазони тақиқлашни ваъда қилган.
Асосий статистик маълумотлар:
- ҳар йили 2 ёшдан 17 ёшгача бўлган болаларнинг ярмидан кўпи зўравонликнинг турли шаклларига дуч келади. Бу 1 миллиарддан ортиқ болани ташкил этади;
- ҳар уч боладан иккиси уйда доимий равишда жисмоний жазога тортилган;
- ҳар бешинчи қиз ва ҳар еттинчи ўғил бола жинсий зўравонликка учрайди;
- 25 фоиздан 50 фоизгача болалар таҳқирлашнинг қурбони бўлади;
- ўғил болалар ўртасида зўравонлик кўпинча ўқотар ёки бошқа қурол ишлатилган ҳолда содир бўлади ва бу ўлимнинг асосий сабаби ҳисобланади.
Конференция якунларига кўра, 2030 йилгача болаларга нисбатан зўравонлик даражасини камайтириш мақсадида давлатлар учун мақсад ва вазифалар белгиланган ҳужжат қабул қилинди. Бурунди, Чехия, Гамбия, Қирғизистон, Панама, Шри-Ланка, Уганда ва Тожикистон ҳукуматлари ҳар қандай шароитда болаларга нисбатан жисмоний жазони тақиқлашга мажбурият олди. Нигерия ҳукумати мактабларда жисмоний жазони тақиқлашни ваъда қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UNICEF ўз ҳисоботида бугунги кунда 370 миллиондан ортиқ қиз ва аёл, яъни дунё бўйлаб ҳар саккизинчи қиз ёки аёл 18 ёшга тўлишидан олдин зўрланган ёки жинсий тажовузга учраганини маълум қилинган эди.