Самарқандда эрининг зўравонликларига чидолмаган аёл жонига қасд қилди
3-саҳифа
−
15 Ноябрь
11187Самарқанд вилоятида эрининг ҳақоратлари ва қийноқларига дош беролмаган аёл ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда “Сукут сақлама” лойиҳаси хабар берди.
Суд ҳужжатларига кўра, 1988 йилда туғилган судланувчи О.Х. 77-мактаб директори ўринбосари лавозимида ишлаб, беш нафар фарзандини боқмаган, доимий равишда ичкиликбозлик қилиб, хотинини ҳақорат қилган ва уни фарзандлари олдида қийноққа солган.
2024 йил 11 июль куни эркак уйга маст ҳолда келиб, аввал хотинини ҳақорат қилиб, кейин уни калтаклаган. Аёл эрининг бундай шафқатсиз муносабати, руҳий босимлари, шунингдек, хиёнатларга дош беролмасдан калтакланганидан бир муддат ўтгач ўз жонига қасд қилган.
Аёлнинг жасадини унинг қизлари топиб олган. Улар уйқудаги отасини уйғотиб, онасининг вафот этганини айтган. Шундан сўнг эр кўчага чиқиб, оғилхонага кирган ва марҳумани арқондан ечиб олиб, сунъий нафас беришга уриниб кўрган. Бу ёрдам бермаганидан кейин қўшнидан ёрдам сўраб, уни шифохонага олиб бориш учун машина чақирган.
Шифохонада шифокорлар аёлнинг вафот этганини тасдиқлаган ва бу ҳақда ИИБга хабар берган.
Марҳуманинг отасининг сўзларига кўра, унинг қизи О.Х. билан 2013 йилда турмуш қурган. Шу вақт мобайнида уларнинг беш нафар фарзанди дунёга келган, оилада ҳаммаси яхши бўлган. Аммо охирги уч йил ичида айбдор унинг қизига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган. У доимий равишда уни калтаклаган, қийноққа солган ва уни ҳамда фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлашдан тўхтаган. Марҳума бир неча бор ажрашишни хоҳлаган, ҳатто бир муддат фарзандлари билан ота уйида яшаган. Аммо қўшнилар ва маҳалла уни ажрашмасликка кўндириб, эри уни энди қийнамаслигини ваъда қилган. Кейин аёл эрининг уйига қайтган.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, марҳума танасида кўплаб оғир жароҳатлар аниқланган, жумладан, бўйин қисми, икки қовурға синган, бош, кўз, елка, қўл ва бел қисмида жароҳатлар бўлган. Бу жароҳатлар аёлнинг ўлимигача етказилгани таъкидланган.
Суд жараёнида айбдор ўз айбини тўлиқ тан олган. 2024 йил 29 октябрда жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди О.Х.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 103-моддаси (Моддий ёки бошқа қарамликда бўлган шахсни ўз жонига қасд қилишга олиб бориш) 2-қисми “а” банди ва 126-1-модданинг 5-қисми “в” банди (Оилавий (маиший) зўравонлик оқибатида қасддан оғир жароҳат етказиш) билан айбдор деб топди ва уни 8 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.
LiveБарчаси