Имрон Хонга Покистондан чиқиш тақиқланди
Олам
−
22 Апрель 2022
8499Покистонда Бош вазир Шаҳбоз Шариф бошчилигидаги ҳукумат собиқ Бош вазир Имрон Хон ва унинг кабинети вазирларига мамлакатни тарк этишни тақиқлади. Бу ҳақда APP маълум қилган.
Таъкидланишича, тақиқ собиқ Бош вазир ва аввалги ҳокимият вакиллари “коррупция йўли орқали қўлга киритилган пуллар билан хорижда яшириниб олиши мумкинлиги” билан боғлиқ.
Янги ҳукуматнинг биринчи йиғилишида Шариф иқтисодий муаммолар, инфляция, ишсизлик ва қашшоқлик даражасининг ошиши учун тўлиқ жавобгарликни Имрон Хон бошлиқ ҳукуматга юклаган.
Шарифга кўра, Покистондаги ҳозирги иқтисодий вазият катта ташвиш уйғотади, бироқ янги ҳукумат вазиятни тубдан яхшилаш ва халқ оғирини енгиллаштириш учун чоралар кўришга тайёр.
Бундан аввал Шариф унинг маъмурияти “қасос сиёсати” олиб бормаслигини ва мамлакатда қонун устуворлигини тиклашини айтган.
“Ўтмишдаги норозиликларни бир четга суриб, олға интилишда миллат манфаати бор”, деган у.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 11 апрель куни Покистон мусулмон лигаси партияси етакчиси Шаҳбоз Шариф Покистон бош вазири этиб сайланди.
Шариф номзоди Миллий ассамблеяда (парламент қуйи палатаси) 342 овоздан 174 тасини олди. Ундан олдинги Бош вазир Имрон Хон 10 апрель куни ишончсизлик вотуми натижасида ҳокимиятдан четлатилган эди.
LiveБарчаси