Покистонда янги Бош вазир сайланди. У қасос олмоқчи эмас

Олам

image

Бугун, 11 апрель куни Покистон мусулмон лигаси партияси етакчиси Шаҳбоз Шариф Покистоннинг 23-Бош вазири этиб сайланди. Бирлашган мухолифат етакчиси ва Имрон Хонга ишончсизлик вотуми ташкилотчиларидан бирининг номзодини 174 нафар депутат қўллаб-қувватлади.

Покистон собиқ Бош вазири Навоз Шарифнинг укаси, 70 ёшли Шаҳбоз Шариф кеча,10 апрель куни мухолифат партиялари томонидан Бош вазирликка номзод сифатида кўрсатилган эди. Бугун, 11 апрель оқшомида янги Бош вазирнинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Шаҳбоз Шариф Покистоннинг энг йирик ва нуфузли вилояти — мамлакат аҳолисининг 60 фоизи истиқомат қилувчи Панжобга уч марта раҳбарлик қилган. Ўтган ҳафта ушбу лавозимга унинг ўғли Ҳамза сайланган эди.

Янги Бош вазир “қасос сиёсатини” олиб бормайдиган ва мамлакатда қонун устуворлигини тиклайдиган коалицион ҳукумат тузилишини ваъда қилди. Шу билан бирга, Шаҳбоз Шариф Ҳиндистон билан тинчлик тарафдори экани, аммо бу фақат Кашмир муаммоси ҳал қилинганидан кейин юз беришини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Покистон парламенти мамлакат Бош вазири Имрон Хонга ишончсизлик вотуми эълон қилиб, уни лавозимидан четлатган эди. 

Қайд этиш керак, Имрон Хон парламентдан ишончсизлик вотумини олган Покистоннинг биринчи Бош вазири бўлди. 

Покистондаги сиёсий инқироз жорий йилнинг 3 апрель куни мухолифат 2018 йилда ҳокимият тепасига келган Хонни мамлакатнинг иқтисодий аҳволини яхшилай олмаётганликда, шунингдек, коррупцияда айблаб, Бош вазирга ишончсизлик вотумини эълон қилишга уриниш бошланганидан сўнг авж олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

460

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг