Имрон Хон Покистон Бош вазири лавозимидан четлатилди
Олам
−
10 Апрель 2022
24369Покистон парламенти мамлакат Бош вазири Имрон Хонга ишончсизлик вотуми эълон қилди ва уни лавозимидан четлатди. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.
Қайд этилишича, тез орада Покистон ҳукуматига янги раҳбар тайинланади, журналистлар фикрича, бу лавозимни катта эҳтимол билан Покистон мусулмонлари лигаси етакчиси Шаҳбоз Шариф эгаллайди.
Имрон Хон 2018 йилдан бери Покистон Бош вазири лавозимида фаолият юритиб келаётганди. У коррупцияни енгиб, ўз мамлакатини иқтисодий инқироздан олиб чиқишга ваъда берган, бироқ ҳозирда кўплаб маҳаллий аҳоли вакиллари у ваъдаларини бажара олмади, деб ҳисобламоқда.
Хон бир неча бор мухолифатчи партиялар унинг ҳокимиятдан четлатилиши учун бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилаётганини айтганди. Хусусан, АҚШ расмийлари Россия ва Хитой билан дўстлигини ёқтирмагани учун ундан қутулишга ҳаракат қилаётганини айтган. Америка буни асоссиз айблов деб билади, бироқ Бош вазирнинг ўзи ҳам даъволари учун ишончли далил келтирмаган.
Таъкидланишича, Имрон Хон Россия билан яқин алоқада бўлган. У жорий йилнинг 23 февраль куни Москвага ташриф буюрган. Бу вақтда Россиянинг Ғарб давлатлари билан муносабатлари Украина атрофидаги вазият фонида анча таранглашган эди. Шу билан бирга, унинг Россия пойтахтига сафарининг иккинчи куни 24 февралда, рус қўшинлари Украинага бостириб кириб, шаҳарларни ўққа тута бошлаган вақтга тўғри келган.
Маълумот ўрнида, Имрон Хон Бош вазир лавозимига тайинлангунга қадар, машҳур крикетчи бўлган.
Аввалроқ, Имрон Хон АҚШнинг собиқ президентларидан кичик Жорж Бушни “террорга қарши уруши” учун танқид қилганди.
LiveБарчаси