Имрон Хон Покистон ҳукуматига ультиматум қўйди

Олам

image

Покистоннинг собиқ Бош вазири ва “Теҳрик-э-Инсаф” партияси раҳбари Имрон Хон ҳукуматга ультиматум қўйди. Жаноб Хон олти кун ичида парламентни тарқатиб юбориш ва муддатидан олдин сайловлар ўтказишни талаб қилмоқда. Америкага қарши сиёсатчи саналган Имрон Хон Москвага ташрифидан сўнг ҳокимиятдан четлатилганди.

Кеча, 25 май куни Покистон пойтахти Исломободда Имрон Хон тарафдорлари норозилик намойиши ўтказган. Ҳукумат намойишчиларнинг бир қисми қолганларга қўшилишига йўл қўймаслик учун Исломободга олиб борувчи йўлларни тўсиб қўйган ва шаҳарнинг асосий ҳукумат бинолари жойлашган “қизил зонаси”га қўшинларни киритган. Дастлаб намойишчилар ўтириб, намойиш ўтказишни режалаштирган, аммо кейинроқ улар полиция билан тўқнашувга киришган. Полиция ҳам намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.

“Мен импорт қилинган ҳукуматга мурожаат қилмоқчиман: олти кун ичида сайловларни эълон қилинг. Парламентни тарқатиб юборинг ва сайловларни июнь ойида ўтказинг”, деган Имрон Хон. 

Унинг қўшимча қилишича, агар шартлар бажарилмаса, намойишлар давом этади.

Имрон Хон 9 апрель куни мамлакат парламенти унга нисбатан ишончсизлик вотумини эълон қилганидан сўнг ўз лавозимини тарк этган эди. Имрон Хон 24 февраль куни ҳукумат ташрифи билан Москвага борганидан кейин мамлакатдаги сиёсий инқироз кучайган.


Мақола муаллифи

Теглар

Имрон Хон

Баҳолаганлар

532

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг