Имомали Раҳмон ҳам Россияга йўл олди
Олам
−
25 Декабрь 2023
5566Бугун, 25 декабрь куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳам амалий ташриф билан Санкт-Петербургга жўнаб кетди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
“Имомали Раҳмон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этиш учун Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрига жўнаб кетди”, дейилади хабарда.
Раҳмонга сафарда ташқи алоқалар бўйича ёрдамчиси ва бошқа расмий шахслар ҳамроҳлик қилмоқда.
Қайд этиш жоизки, Имомали Раҳмон ўтган ойда ҳам Россияга бориб, Президент Владимир Путин билан яккама-якка ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказган. Учрашув якунлари бўйича саккизта ҳужжат имзоланган. Путин тожикистонлик мавқедошини учинчи даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирлаган.
Маълумот учун, 25 ва 26 декабрь кунлари МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммити бўлиб ўтади. Учрашув кўп йиллардан буён декабрь ойи охирида Санкт-Петербургда тўпланиб келаётган давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқотнинг анъанавий форматидир. Россия Президенти Владимир Путин бундай саммитларни “дўстона даврадаги” суҳбатлар сифатида тавсифлайди, унда минтақавий ва халқаро масалалар муҳокама қилинади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 декабрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Санкт-Петербургга етиб борганди. Бугун, 25 декабрда эса Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Беларусь резиденти Александр Лукашенко ҳам ЕОИИ ва МДҲ саммитларида қатнашиш учун Санкт-Петербургга жўнаб кетганди.