Имомали Раҳмоннинг қизи Қобилжоннинг онасига 30 минг доллар берди

Олам

image

Тожикистон Президенти Ижро аппарати раҳбари, мамлакат Президенти Имомали Раҳмоннинг қизи Озода Раҳмон 300 минг сомоний (тахминан 30 минг АҚШ доллари) миқдорида ёрдамни Москва вилоятидаги мактабларнинг бирида миллатлараро нафрат оқибатида 15 ёшли Россия фуқароси томонидан ўлдирилган 10 ёшли тожикистонлик бола Қобилджон Алиевнинг онаси Нилуфар Сафоевага тақдим этди. Бу ҳақда “Ховар” давлат ахборот агентлиги хабар берди.

Унга кўра, мазкур ташаббус ва қўллаб-қувватлаш жамиятда бирдамлик, ғамхўрлик ва инсоний қадриятларнинг эътирофи эканини таъкидлайди.

Аввалроқ Тожикистон ҳукумати томонидан Нилуфар Сафоевага уй совға қилинганди. Бундан ташқари, мавжуд маълумотларга кўра, мамлакат тадбиркорларидан бири Умар Алиматов Нилуфар Сафоевани 10 минг сомоний (тахминан 1000 АҚШ доллари) ойлик маош тўланадиган иш билан таъминлаш мажбуриятини олган.

Қобилжон фожиаси

Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни эрталаб 15 ёшли тўққизинчи синф ўқувчиси мактабга пичоқ билан бостириб кирди. У аввалига синфхоналарга кириб, ўзи учун ўлжа қидирган. Уни пайқаган мактаб қўриқчисига қарата кўзни ачиштирувчи газ пуркаган ва уни пичоқлаган. Шундан кейин у шу мактабнинг 4-синф ўқувчиси – тожикистонлик мигрант оила боласи Қобилжон Алиевни пичоқлаб ўлдирган.

Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) ва Россия Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш) бўйича жиноий иш қўзғатди. Тергов қўмитаси ҳибсга олинган 15 ёшли ўсмир сўроқ пайтида айбини тан олганини, жиноятга тайёргарлик кўриш ва тафсилотларни ҳам баён қилганини маълум қилди.

Ҳужумни уюштирган 15 ёшли Тимофей К. исмли бола қўлга олингач, унинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган. Шунингдек, ўсмир экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскада “Sygaown” сўзи ёзилган бўлиб, бу 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.

17 декабрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Одинцовонинг Горки-2 қишлоғидаги Успенский ўрта мактабида тўртинчи синф ўқувчисининг ўлдирилишини қоралади. Вазирлик республика фуқароси бўлган боланинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди. 

Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Тожикистонга ва Москва вилоятининг Одинцово шаҳридаги мактабда ҳалок бўлган боланинг оиласига ҳамдардлик билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги фожианинг барча ҳолатларини аниқлаш ва тергов ўтказиш учун Москвадаги Тожикистон элчихонасига зудлик билан ёрдам таклиф қилди. 

Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу Тожикистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Юсуф Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноят ҳолатларини холис текшириш учун барча имкониятларни ишга солаётганини билдирди.

18 декабрь куни эрталаб Тожикистондаги уйига олиб келинди ва Шаҳринав туманидаги қабристонга, отасининг қабри ёнига дафн этилди

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси ушбу қотиллик бўйича 15 ёшли Россия фуқаросини қўлга олиб, унга нисбатан “қотиллик” ва “қотилликка суиқасд” моддаларига асосан жиноят иши қўзғатган. Суд қарорига кўра, гумонланувчи икки ой муддатга дастлабки қамоққа олинди.

22 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарларининг норасмий учрашуви чоғида Россия етакчиси Владимир Путин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга тожикистонлик мактаб ўқувчисининг ўлдирилиши ортидан ҳамдардлик билдирди ва айбдорлар албатта жазоланишини ваъда қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Имомали Раҳмон Озода Раҳмон Қобилжон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг