Имомали Раҳмон минтақадаги миллионлаб одамларга таъсир қиладиган муаммони айтди
Олам
−
31 Май 16438 3 дақиқа
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон музликларнинг йўқ бўлиб кетиши бутун Марказий Осиёдаги миллионлаб одамларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 30 май куни Душанбеда ўтказилган музликларни сақлаш бўйича биринчи юқори даражадаги халқаро конференцияда сўз очди.
Тожикистон раҳбари музликлар ичимлик суви манбаларидан энг муҳими эканини таъкидлаган. Имомали Раҳмон уларни сақлаш барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим шарт эканини айтган.
“Музликларнинг эриши тоғли ҳудудлардаги аҳолига муаммолар келтириб чиқаради – бу сув тошқинлари, ер силкинишлари ва қор кўчкиларига олиб келади, инфратузилмаларга катта зарар етказади. Тожикистон ҳудудининг 93 фоизини тоғлар ташкил этгани боис табиий офатларга жуда сезгир қолмоқда”, деган давлат раҳбари.
Президентнинг таъкидлашича, мамлакатда жами 14 минг музлик мавжуд бўлиб, улар атрофида мамлакатнинг тахминан 60 фоиз ичимлик суви манбалари жамланган. Шулардан 1300 та музлик бутунлай эриб кетган ва бу жараён давом этмоқда.
Бундай тенденция глобал миқёсда ҳам мавжуд – иқлим ўзгариши туфайли дунёда тоғ музликларининг учдан бири йўқ бўлиб кетди. Мутахассислар фикрича, энг катта табиат ўзгаришлари 2023 йилда кузатилган. Натижада 600 гигатонна чучук сув йўқолиб, дунё океанининг ўртача даражаси кўтарилган.
Шу муаммолар муносабати билан Имомали Раҳмон барча манфаатдор томонларни “Криосфера фанлари бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги” лойиҳасини қўллаб-қувватлашга чақирган.
Шунингдек, Президент музликларни сақлаш учун қуйидаги чора-тадбирларни таклиф қилган:
- Музликларнинг ичимлик суви таъминотидаги ҳаётий аҳамияти ҳақида халқаро ҳамжамиятни янада хабардор қилиш;
- Олимлар, тадқиқотчилар, фуқаролик жамияти ва бошқа манфаатдор томонларни фаол жалб этган ҳолда халқаро ҳамкорликни кучайтириш;
- Музликларнинг ўзгариш жараёнларини ва уларнинг экотизимларга таъсирини чуқурроқ ўрганиш учун комплекс мониторинг ва илмий тадқиқотлар ташкил этиш;
- Музликларнинг тез эришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этиш бўйича биргаликдаги чора-тадбирларни амалга ошириш;
- Музликларни муҳофаза қилиш ташаббусларини амалиётга татбиқ этиш ва Халқаро музликларни сақлаш фондини қўллаб-қувватлаш учун молиявий ва техник ресурсларни самарали жалб қилиш.
“Бизнинг асосий мақсадимиз – ушбу ҳаётий ресурсларни бугунги ва келажак авлодлар учун халқаро ҳамжамиятнинг самарали ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари орқали сақлашдир”, дея ўз нутқини якунлаган Президент.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТнинг иқлим бўйича экспертлари Бутунжаҳон музликлар куни муносабати билан берган баёнотида агар музликларнинг ҳозирги эриш суръати сақланиб қолса, улар сайёранинг кўплаб минтақаларида ХХI аср охиригача сақланиб қолмаслиги ҳақида айтилганди. БМТ маълумотига кўра, музликлар дунёдаги чучук сув захираларининг тахминан 70 фоизини ўзида жамлаган. Улар иқлим ўзгаришининг муҳим кўрсаткичи бўлиб, одатда барқарор иқлим шароитида эримайди. Аммо ҳозир, инсон фаолияти туфайли юзага келган глобал исиш оқибатида уларнинг майдони мисли кўрилмаган тезликда қисқармоқда.
Live
Барчаси