Имом Бухорий мажмуасида 10 минг кишилик масжид қурилмоқда
Жамият
−
25 Март
5216Самарқанд вилоятида ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг мажмуаси қурилмоқда. Бу ерда буюк аллома ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей ва илмий даргоҳлар билан бирга, 10 минг кишилик масжид ҳам бунёд этилмоқда. Бу ҳақда бугун, 25 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтаётган ифторлик маросимида маълум қилди.
“Хабарингиз бор, улуғ ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг Самарқандда барпо қилинаётган муаззам мажмуаси қурилиши ҳам жадал давом эттирилмоқда. Бу ерда буюк аждодимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей ва илмий даргоҳлар билан бирга, 10 минг кишилик масжид ҳам бунёд этилмоқда.
Насиб этса, бу йил ана шу икки муҳташам обидани – Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасининг очилиш маросимини барчамиз биргаликда тантанали равишда ўтказамиз”, деди Мирзиёев.
Шунингдек, Президент бу йил калом илмининг буюк пешволаридан бири бўлмиш Имом Мотуридий ҳазратлари таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонланишини билдирди. Мотуридийнинг Самарқанддаги муборак қадамжолари янада обод қилинади.
“Энг муҳими, бу ишларимиз Имом Мотуридий мероси ва мотуридийлик таълимотини юртимиз ва хорижий олиму уламолар билан ҳамкорликда илмий асосда ўрганишда янги ва катта қадам бўлади”, деди Президент.
Маълумот учун, Имом Бухорий мажмуанинг умумий майдони 44 гектар. Бугунги кунда маҳобатли мақбара қуриб битказилган. Баландлиги 75 метрлик 4 та минора мажмуага улуғворлик бағишлаган. Шунингдек, музей, айвонлар, маъмурият ва хизмат кўрсатиш бинолари барпо этилган.
Мотуридий мажмуасида эса 1 минг 500 кишига мўлжалланган жоме масжид, маъмурий бино қурилиши кўзда тутилган. У ерда кутубхона, мажлислар зали, инновацион музей ҳамда мутахассислар учун хоналар бўлади. Мажмуа яқинида зиёратчилар учун автотураргоҳ, таҳоратхона қурилади.
Эслатиб ўтамиз, 22 март куни Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташриф буюриб, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилганди.
LiveБарчаси
Доллар курси яна тушди.
26 Март