Илон Маск триллионер бўлиш арафасида

Олам

image

SpaceX асосчиси Илон Маск тарихда биринчи бўлиб бойлиги 600 миллиард доллардан ошган инсон сифатида рекорд ўрнатди. Октябрь ойида у бойлиги 500 миллиард долларга етган илк одам бўлган эди. Бу ҳақда “Forbes” хабар берди.

Нашрга кўра, Маск дунёдаги илк триллионерга айланиш сари яна улкан қадам ташлади. Декабрь ўрталарида у асос солган SpaceX компанияси ўз қийматини 800 миллиард долларга баҳолаган (августда бу кўрсаткич 400 миллиард доллар эди). 

Баҳолаш 2026 йилда режалаштирилаётган SpaceX IPO’си олдидан амалга оширилган. Акциялар жойлаштирилиши тарихдаги энг йирик IPO бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Мазкур баҳолаш Маскнинг бойлигини, унга SpaceX акцияларининг тахминан 42 фоизи тегишли эканини ҳисобга олганда, 168 миллиард долларга ошириб, қарийб 677 миллиард долларга етказган. 

IPO ўтказилмаган тақдирда ҳам Маскни триллионерга айлантириши мумкин бўлган SpaceX’даги улуши ҳозир унинг энг қиммат активидир: бу улуш 336 миллиард долларга баҳоланмоқда. Шу билан бирга, Маскнинг Tesla’даги 12 фоизлик улуши 197 миллиард долларга тенг. Бундан ташқари, Маскга тегишли бўлган xAI Holdings компанияси (сунъий интеллект асосидаги Грок чат-ботини ривожлантиради) ҳозирда 230 миллиард доллар баҳо билан янги инвестициялар жалб этиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу Маск компанияни ташкил қилган пайтда айтган 113 миллиард долларлик баҳодан икки баробардан кўпдир.

2024 йилда nforma Connect Academy таҳлилий гуруҳи Маск 2027 йилга бориб тарихдаги илк доллар триллионерига айланиши мумкинлигини башорат қилган эди. Мутахассислар буни Маск бойлиги йилига ўртача 110 фоизга ошиб бораётгани билан изоҳлаган. Маск илк бор 2021 йилда “Forbes” талқинига кўра дунёнинг энг бой одами бўлган ва Amazon асосчиси Жефф Безосни ортда қолдирган эди. Ўшанда журнал унинг бойлигини 271,3 миллиард доллар деб баҳолаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Tesla инвесторлари компания раҳбари Илон Маскка бошқарувдаги ютуқлари учун деярли бир триллион долларлик мукофот тўлашни маъқуллаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

SpaceX Илон Маск

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг