Илон Маск қўрқдими? Миллиардер жанг ўрнига дебат ўтказишни ўйламоқда
Олам
−
10 Август 2023
4308Дунёнинг энг бой одами Илон Маск миллиардер Марк Цукерберг билан қафасда жанг қилиш ўрнига “маданиятли” дебат ўтказиш ҳақида ўйламоқда. Бу ҳақда у ўзининг Х (собиқ Twitter)даги саҳифасида маълум қилган.
Дастлаб, TED нотижорат ташкилоти асосчиси Крис Андерсон ўз саҳифасида қафас жанги ўрнига дебат ўтказишни таклиф қилиб, пост қолдирган ва ушбу баҳс тарихда энг томошабопи бўлишини ёзган. Бунга жавобан Маск:
“Бу ҳам яхши фикрга ўхшайди. Баҳслашиш ҳақиқатан ҳам олижаноб спорт тури (шунга ишонаман). Биз, шунингдек, камтарлик билан илгари эзгу мақсадлар учун курашганларга ҳайратимизни билдиришга умид қиламиз”, деб ёзган.
Афтидан, Маскнинг Цукерберг билан жанг қилиш иштиёқи сўнган. У аввалроқ бўйни ва орқа миясини магнит-резонанс томографияси ёрдамида текширтиришини маълум қилганди.
Эҳтимол, Маскнинг жангдан аввал бундай баёнотлар беришига унинг рақиби Цукерберг сўнгги пайтларда жисмоний тайёргарликка кўпроқ урғу бераётгани сабаб бўлгандир. Боиси Meta эгаси яқинда жиу-житсу бўйича кўк белбоғни қўлга киритди. Шунингдек, у UFC чемпионлари —Янги Зеландия вакили Исраэль Адесанья (ўрта вазн) ва Александр Волкановски (ярименгил вазн) билан машғулот ўтказиб, жараёндан суратларни ижтимоий тармоққа жойлаганди. Маскнинг жангга тайёргарлиги эса кўнгилдагидек кетаётгани йўқ. Яқинда у UFC'нинг енгил вазн тоифасидаги собиқ чемпиони Ҳабиб Нурмуҳаммедовга мураббийлик қилиш таклифини берди ва рад жавобини олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Цукерберг Маскка жангни жорий йилнинг 26 август санасида ўтказишни таклиф қилган эди. Бироқ Илон Маск бунга рози бўлиши эҳтимоли кам. Бундан ташқари, мазкур жанг ўтадиган манзил ҳам ҳозирча аниқ эмас, аммо Италия Маданият вазири Маск билан боғланиб, унга жангни Колизейда ўтказишни таклиф қилган. Агар кутилаётган жанг ростдан ҳам ўтказилса, у X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида жонли эфирда намойиш этилади ва барча тушумлар кексаларга ёрдам бериш учун ўтказиб берилади. Бу ҳақда Илон Маскнинг ўзи маълум қилган.
LiveБарчаси