Илк бор Марснинг тўлиқ харитаси эълон қилинди (фото)
Бу қизиқ
−
24 Апрель 2023
9308Хитой бугун, 24 апрель куни Марснинг биринчи глобал панорамали суратларини эълон қилди. Бу ҳақда “China Daily” хабар берди.
Қайд этилишича, суратлар “Tianwen 1” орбитери орқали олинган. Рангли тасвирлар Хитой Миллий космик маъмурияти ва Хитой Фанлар Академияси томонидан Аньхой провинцияси маркази Хефейда бўлиб ўтган бу йилги Хитойнинг космик кунини нишонлаш маросимида эълон қилинган. Ушбу кун 1970 йилда учирилган Хитойнинг биринчи сунъий йўлдоши шарафига ҳар йили 24 апрелда нишонланади.
Панорамалар 2021 йилнинг ноябридан 2022 йилнинг июлига қадар Марс орбитасига ўрнатилган “Tianwen 1”нинг ўрта аниқликдаги камераси томонидан туширилган 14 минг 457 та суратни қайта ишлаш орқали тайёрланган.
Маълумотларга кўра, у бутун дунё бўйлаб Марсга амалга ошириладиган келажакдаги экспедицияларни режалаштириш ва олиб бориш учун яхшироқ базавий хариталарни тақдим этади.
Қадимги Хитой шеъри шарафига номланган “Tianwen 1” 2020 йилнинг 23 июлида учирилган бўлиб, у мамлакатнинг биринчи сайёралараро тадқиқот ишига айланган.