Илҳом Алиевнинг амакиваччаси Грецияда наркотик билан қўлга тушди
Олам
−
02 Январь
10584Микаэла Жав номи билан танилган DJ Иззатхоним Жавадова Грециянинг Каливия шаҳридаги ҳашаматли виллада 13 киши билан бирга қўлга олинди. Бу ҳақда Meydan TV хабар берди.
Қайд этилишича, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг амакиси Жалол Алиевнинг Британия паспортига эга қизи Иззатхоним Жавадова Афинага яқин бўлган бир тадбирда наркотикка қарши рейд чоғида ҳибсга олинган. Ушбу хабарни Греция полицияси 31 декабрь куни мамлакат матбуотига тасдиқлаган.
Полиция 30 декабрь куни ҳашаматли зиёфатда қўлга олинганлар қаторида Микаэла Жав номи билан танилган DJ Иззатхоним Жавадова ҳам борлигини очиқлаган. Исмини ошкор қилмасликни истаган бир полиция манбаси ушбу хабар юзасидан берилган саволга жавоб бериб, Жавадова “зиёфатни ташкил қилганини” айтган.
Полиция маълумотига кўра, зиёфатни ташкил қилган Жавадованинг ётоқхонасидан 45 пакет ичида кокаин, экстази, кристалли метамфетамин, бошқа наркотик моддалар ва 43 минг евродан (45 минг доллар) ортиқ пул сақланган сейф топилган.
“Жавадова ва яна 9 киши наркотик моддалар ноқонуний савдоси ва фойдаланиши айблови билан пайшанба куни судга чиқарилади”, дейилади хабарда.
Британия Миллий Жиноят Агентлигига кўра, Жавадовлар Англиядаги ҳисобларига маблағ йиғиш учун асосан офшор ҳудудларда жойлашган 20 та шаффоф бўлмаган компаниялар тармоғидан фойдаланган. Натижада пуллар “банк операциялари давомида текшириладиган из қолдирмасдан” ўтказилган. Агентлик терговчилари бу компаниялардан олтитаси Уюшган жиноятчилик ва коррупция ҳақида хабар бериш лойиҳаси (OCCRP) томонидан 2017 йилда фош этилган кўп мақсадли молиявий оқим учун воситачи бўлган “Озарбайжоннинг пул ювиш машинаси”нинг бир қисми эканини аниқлаган.
“Ушбу тизим мамлакатнинг ҳукмрон элитасига пулни ўзлаштириш, солиқлардан қочиш, ноқонуний маблағларни ювиш ва Европа Парламентидаги депутатларга пора бериш ҳамда ноқонуний маблағларни Озарбайжондан кўчмас мулк сотиб олиш ва ҳашаматли ҳаёт кечириш учун Ғарбга йўналтириш имконини берган”, дейилади манбада.
Билдирилишича, сиздирилган банк ҳужжатлари Жавадовлар оиласи миллионлаб маблағ олган олтита компания ва OCCRP аниқлаган, аммо терговчилар эътиборидан четда қолган еттинчи компаниянинг ҳам “пул ювиш машинаси” билан боғлиқ бошқа шубҳали операцияларда иштирок этганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг набираси 9 ёшлигида Дубайдан дабдабали квартира сотиб олгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси