Илҳом Алиев Қорабоғда ҳарбий парад ўтказди
Олам
−
08 Ноябрь 2023
6152Қорабоғнинг Хонкенди шаҳрида 2020 йил кузида Озарбайжоннинг иккинчи Қорабоғ урушидаги ғалабасининг уч йиллиги муносабати билан ҳарбий парад бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев рафиқаси – биринчи вице-президент Меҳрибон Алиева ва ўғли Ҳайдар билан иштирок этди. Бу ҳақда “AZƏRTAC” давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Хонкендининг бош майдони бўйлаб Қуролли кучларнинг турли бўлинмаларига мансуб ҳарбий хизматчиларидан иборат бир гуруҳ байроқдорлар юриш қилган, Озарбайжон армиясида хизмат қилаётган ҳарбий техника, шунингдек, ўлжа сифатида олинган Арманистон Қуролли кучларининг ҳарбий техникасининг бир қисми намойиш этилган. Озарбайжон Президенти парадда нутқ сўзлаган.
“Бизга янги уруш керак эмас, биз интилган нарсага эришдик, халқаро ҳуқуқни тикладик, тарихий адолатни тикладик, миллий қадр-қимматимизни тикладик, душманга ўз ўрнини кўрсатдик”, деган Алиев.
Шунингдек, Баку ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида ҳарбий хизматчиларнинг байрамона юришлари бўлиб ўтган.
Маълумот учун, 2020 йил 27 сентябрь куни Қорабоғда вазият кескинлашиб, фаол жанглар бошланган. Ўша йилнинг 9 ноябрь куни Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Никол Пашинян ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолаган. Келишувларга кўра, Озарбайжон ва Арманистон томонлари ўз эгаллаб олган позицияларида тўхтаган. Ўшанда бир қанча ҳудудлар Баку назоратига ўтган, Россия тинчликпарвар кучлари эса Қорабоғни Арманистон билан боғловчи тўқнашув чизиғи ва Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилган.
2023 йил 19 сентябрь куни Қорабоғда вазиятнинг навбатдаги кескинлашуви юз берди. Баку "маҳаллий аксилтеррор операцияси" бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. Россия можаро томонларини қон тўкилишини тўхтатиб, дипломатик келишувга қайтишга чақирди. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Россия тинчликпарвар контингенти иштирокида Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.
28 сентябрь куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси президенти Самвел Шаҳраманян 2024 йил 1 январдан унинг фаолиятини тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Аҳолига Баку таклиф қилган реинтеграция шартларини кўриб чиқиш ва қолиш имконияти тўғрисида мустақил қарор қабул қилиш буюрилди.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь