Иккинчи тўлқин бошланмаган, биз биринчи тўлқин билан оворамиз - Қамариддин Шайхов

Интервью 24865

Коронавирус пандемияси бошлангач, ҳали Ўзбекистонга келмасидан кўплаб маълумотлар берилди, ундоқ экан, бундай бўларкан дейилди. Мамлакатга кириб келгач, бундай фикрлар яна кўпайди. Маҳаллий мутахассислар ҳам бу тортишувларга қўшилди.

Коронавирус беморлари учун ажратилган шароитлар ҳақида турли минбарлардан “оғиз кўпиртириб” мақтовлар айтилди. Аммо “табиб табиб эмас, бошидан ўтган табиб” деганларидек, касал бўлиб, шароитни кўрмаган одам вазиятни ич-ичидан ҳис қила олмайди.

Айни вақтда Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус инфекциясидан даволанаётган QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов тизимнинг аҳволини ичкаридан кўрган инсон сифатида “Ўзбекистон 24” радиоси бошловчиси Нозима Тошпўлатовага реал ҳолатни сўзлаб берди.

Нозима Тошпўлатова, “Ўзбекистон 24” радиобошловчиси: ― Сизнингча тизимдаги ҳозирги муаммолар нима сабабдан келиб чиқди ва мана сиз ичкаридан кўрдингиз, нима хулоса қила оласиз, қаерда хатоликлар бор ва нималар ўзгариши керак?

Қамариддин Шайхов, QALAMPIR.UZ раҳбари: ― Мен ҳозир ўзимни уруш майдонидаги журналистдек тасаввур қиляпман. Мен 11 июлдан бери замонавий деб айтилган Зангиотадаги шифохонадаман. Аввалбошидан шифокорларимизга минг раҳмат айтаман. Бу ерда хизмат қилаётган шифокорларимизга, уларнинг бошида туриб эзаётганларга эмас. 30, 35 ёки 40 йил давлатга хизмат қилган одам умрининг қайсидир босқичига келганда саломга аликни кутади.

Ҳозиргина 1 соат ичида бўлган ҳолатни мисол тариқасида айтмоқчиман. Шифохонада ётганимда ОАВ ходими ўлароқ, бизнинг аралашувимиз билан яна бир 65 ёшли онахон Зангиота шифохонасига ётқизилдилар. Жуда оғир аҳволда ётқизилдилар. 17 кун уйда даволаниб келган. Унга на ҳамшира қўшниси чиқиб, укол қила олган, на кўчадан келиб бирон бир киши қараган. То бизнинг аралашувимизгача ҳатто, тез ёрдам келмаган. 17 кун давомида ўзи нима топса ичиб, ўзига-ўзи муолажа қилиб келган.

Тизим нимага то кимдир чиқиб бақирмагунча, ишламаяпти? Кечирасизку, нимага қайсидир шифокорнинг қизи ўлган отасининг хунини сўрамагунча, тизим ишламаяпти? Нимага бориб хабар олинмаяпти, шу ишлар қилинмаяпти? Нега шунча вақтни шифохонадан чиқиб келаётганларга гул бериб, қарсак чалиш билан ўтказдик. Нега жараёнлар вақтида ташкил қилинмади? Президент куйиб-пишиб гапираётганлари бежиз эмас. Президент ҳаммасини билиб, кўриб турибдилар. Балки билмаётганлари ҳам анчадир.

Тизим бошида турганлар ҳолат шу аҳволга келгунча нега ишларни ташкил қилмади? Мана ҳозир пандемиянинг иккинчи тўлқини... Кечирасиз, биз биринчи тўлқинни қачон тугатдик, биз биринчи тўлқиндан муваффақиятли чиқа олдикми? Биринчи тўлқин қачон бошландию, қачон тугади? Мени назаримда биз иккинчи тўлқинни қарши олганимиз йўқ, ҳали ҳам биринчи тўлқин билан овороамиз. Нима учун? Чунки, бундан 25 кун аввал 23 июнь куни Тошкент тиббиёт академияси клиникасига ётқизилган бемор 25 кун ўша ерда қолиб кетиб, 3 марта тест топшириб, журналистларнинг, QALAMPIR.UZ`нинг иштироки билан 25 кун деганда чиқди. У 10 кун даволанди, қолган 15 кунда тестлар бўлмагани учун давлатникини еб, “потолок”га қараб ётди.

Ўзим ҳам 4 кун олдин чиқиш учун тест топширганманки, тезроқ жойим бўшасин, ўрнимга одам келсин. Чунки ташқарида ажиотаж бўлиб ётибди. Тестини топшириб қўйиб 4, 5 ёки 6 кун жавобини кутиб ўтирганлар жуда ҳам кўп. Жавоб кутилади, келмайди. Ҳолбуки, шуларнинг тестини текшириб, жавобини бериб юборса, шифохоналар ҳам бўшайди. Уларнинг ўрнига яна одам келади. Кимдир уйида ўлиб қолмайди, давлатга нисбатан ортиқча гап-сўз ҳам бўлмайди. Оддийгина тизим, шуни йўлга қўйиш, ғилдиракни думалатиб юбориш керак. Йўқ, уни кимдир тўсиб турибди. Унга протокол керак. Ҳолбуки, бузулиб ётган баённомалар қанча?! Мана шу шифохонанинг ўзи ҳам “қизил”, “сариқ” ва “яшил” зона дейилган. Кечирасиз, антисанитария бўлиб ётибди. Қанақа “қизил”, “яшил” зона? Муаммолар бу ернинг ўзида ҳам қалашиб ётибди.

Тизим ишлаши керак. Бу тизимни бошида ўтирган раҳбарлар, ўша ҳайфсандан, огоҳлантиришдан ўзига тўғри хулоса чиқармас экан, бўлмайди бу ишлар. Мен биргина тест билан боғлиқ масалани айтяпман. Агар шифохонада тест топширганларнинг натижасини тезроқ чиқариб, шифохонани бўшатса, “Ўзэкспомарказ”да шифохона ташкил қилишнинг кераги қолмайди. 25 кун даволанди бир бемор. 10 кунда соғайди, 15 кун шипга қараб ётди. Бу орада уч марта тест топширди. Бу давлатга қанча зарар, ҳар бири 15 доллардан бўлганда 45 доллар. Ҳар сафар тест йўқолиб қолиши мумкинми, ҳар гал шундай иддао қилишган. Бу бир одамнинг ҳолати. Бундай ҳолатлар юзлаб, минглаб бор.

Н.Т.: ― Бундай бўлишига кимларнингдир беэътиборлиги сабаб бўлиши мумкин-ку.

Қ.Ш.: ― Кимларнингдир эмас, аниқ-тиниқ айтишимиз мумкин 3-4 та раҳбарнинг беэътиборлиги сабаб бўляпти. Айрим раҳбар ва мутасаддилар гап эшитгач, телевидениега чиқиб, тез ёрдам 15 дақиқада боради деб ваъда бериб, юборишяпти. Иложи йўқ нарсани ваъда бериш керакмас. Президент ўтказган йиғилишлари 15-санада бўлган бўлса, қанчалик куйиб-пишиб гапирдилар, биз телевизорда кўриб ўтирибмиз. Эртасидан тест 1 кунда чиқади дейишди. Қани, 4 кундирки тест йўқ. Ваъда бериб юбориш осон. Ундан кейинг бўладиган гап бутун давлатга, Ҳукуматга бўлади, ваъдани берган бир одамга эмас. Нега буни ўйлашмаяпти? Бизда 6 ой давомида вақт етарли эди. Нима учун одамлар бақир-чақир қилиб, тест, дори тополмай қолгандан кейин, Соғлиқни сақлаш вазирлиги чиқиб, мана бу дорини ичишингиз мумкин деди. Нима учун бу қўлланмалар олдиндан яратилмади?

Ваҳимасиз карантин дейишди. Кечириб қўясиз, йўқ ўша вақтнинг ўзида ваҳима қилиш керак эди. Ўша вақтнинг ўзида одамларни огоҳликка чақириш керак эди. Биз нима қилдик: ваҳимсиз карантин, ваҳимсиз карантин, ортиқча шов-шув қилманглар. Расмий хабарларга қараб қолиб нима бўлдик? Одам ўлгани ҳақидаги хабар икки кун ўтиб чиқяпти. Ниманинг ҳисобига? Масъуллар ўз вазифасини бажармаётганининг ҳисобига. Ўша бечора шифокорнинг қизи ҳам чиқиб, отасининг пулини ололмаганию, отаси мана шундай ўлиб кетганини гапирмаганда эди, Худо билади уни пули берилармиди ёки йўқми. Унинг отасининг жанозасига жаноб вазир борармиди йўқми, униси Худо билади.

Н.Т.: ― Қамариддин хабардорлигингиз, тайёргарлигингиз юқори бўла туриб, қандай қилиб сизда тест мусбат чиқди?

Қ.Ш.: ― Ўзи қўрққан нарсам тез ёнимга келади. Мен шу касалликни юқтириб олишдан жуда қўрққан эдим. Билмайман, нимагадир ишдан узулиб қолишимдан қўрққан эдим. Бу қўрққаним бежизга эмас экан. Ўзим касалхонага тушиб, бу ердаги аҳволни кўриб, одамлар, шифокорлар билан мулоқот қилиб, энди буни илдизига тушдим деб, айта оламан. Ташқаридан туриб, COVID ундай кечяпти, бундай бўляпти деб, шов-шув кўтариш осон. Лекин ичкарига кириб, вазият қанақалигини, тест топшириш қанақа, рентген қанақа, қон анализи топшириш қанақа, умуман бу ердаги жараён қанақа... Айтайлик ўша янги технология деб, мақталаётган вентиляциянинг қанчалик тўғри ишлаётганидан тортиб, эшик қай вақт очиб, ёпилгунча, бу ҳамма жараёнинг ичида “қайнаб турибман”, ҳозир.

Н.Т.: ― Касалларнинг аҳволи ҳақида бошида хабарлар чиққанда кўпчилик “бу тўқиб чиқарилган касаллик, аломатлар йўқ”, деган фикрлар ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Бугун бунинг акси бўляпти, яъни, ҳақиқий касаллик бор.

Қ.Ш.: ― Албатта, касаллик бор. Мен ўзимнинг жонимдан ўтказиб туриб, бу нарсани гапиряпман. Аллоҳга шукр менда аломатлар у қадар кучли бўлмади. Дуо талаб эканмиз. Касалхонага келгунча эҳтиётини қилиб, олдиндан вирусологлардан маслаҳатларни олиб, дориларни истеъмол қилишни бошлагандим. Лекин маслаҳат ололмаганлар қанча? Бу нарса “пик”ка чиқиб бўлгандан кейин бериляпти. Масалан, 8 июлда ишлаб юрганимда аломатлар бошланган бўлса, 4 июлда ҳам, мана Зангиотадаги шифохонанинг очилишидан олдин таништируви бўлди, ушанда ҳам вазирдан сўралганди “Ўзбекистонда “пик”ка чиқилдими?”, деб. “Йўқ, “пик”ка чиқилмади”, дейилганди. Алишер Шодмонов қандай қилиб, шу гапни айтдилар. QALAMPIR.UZ мухбири “Ўзбекистонда “пик”ка чиқилдими?” деган саволни Алишер Шодмоновга ҳам берди, Вирусология институти директори, профессор Эркин Исакович Маликбоевга ҳам берди. Улар ҳам “Ўзбекистонда “пик” чиқмади” дедилар. Қандай қилиб, “пик”ка чиқмаган бўлса, орадан бир ҳафта ўтиб, иккинчи тўлқин бошланди дейиш мумкин? Мен шу нарсани умуман тушунмаяпман. Улар ўзи аввал “пик”ка чиққанми, иккинчи тўлқин бошланганми, биринчи тўлқинни тугатдикми, келишиб олишсин.

Вазиятни “Титаник”даги ҳолатга ўхшатяпман. Вазият ҳамма жойда оғир, бутун дунё соғлиқни сақлаш тизим инқироз ҳолатига келиб қолди. Буни ҳаммамиз кўриб турибмиз. Мен фақат Ўзбекистонда бундай муаммо бор деб, мамлакатдаги вазиятни айблаш, қоралашдан йироқман. Фақат ҳаммамиз ўнглашимиз керак. Бу фалончининг вазифаси деётганим ҳам йўқ. Ҳаммамизнинг вазифамиз. Лекин бу вазиятда кимнинг гарданига нима юк тушяпти, шунинг расаматини қилиб олишимиз керак, назаримда. Мен нега “Титаник” фильмини мисол қилиб келтирдим. Кема барибир чўкади. Ҳамма ёқда чўкяпти. Тизим инқирозга кирганини бутун дунё тан олиб турибди. Фақат фильмда “кўзларингизда айсберкнинг хавфини кўряпман. Ростини айтинг” дейдику, шу ростини айтиш керак. Борини айтиб, вазиятни ўнглашга ҳаракат қилиш керак. Алдамаслик, ёлғон маълумотлар билан рақамларни камайтириш учун ишламаслик керак.

Н.Т.: ― Энди бевосита шу касаликка чалинмаслик учун тавсияларингизни берсангиз. Нимада хато қилдингиз?

Қ.Ш.: ― Хато қилмадим деб ўйлайман. Буни 4 кундан кейин чиқаётган тест натижалари кўрсатади. Яна бир нарса, мени ҳам 20 кун ётиб қолиш хавфим бор. Негаки, 11-санада шифохонага ётган бўлсам, бугун 9-куни. Ётганимнинг 6-кунида тест топширганман. Энди ўша вақтда касаллик мавжуд бўлган бўлса, натижа мусбат билан келади ва мен яна 5 кун қоламан, шу билан 15 кун бўлади, яна тест топшираман 5 кундан кейин натижа чиқади жами 20 кун бўлади.

Тавсияга келадиган бўлсак, энг муҳими – ижтимоий масофа ва озодалик. Ниқобни даҳан билан эмас, яхшилаб, бурун ва оғиз билан тақинглар. Қўлингарни бўлар-бўлмасга кўзингизга олиб борманг. Озодаликка жуда қаттиқ риоя қилинглар. Ўзингиз бу касалликдан қўрмассизлар, иммунитетимиз мустаҳкам, ёшмиз деб ўйлашинглар мумкин, лекин атрофингиздагиларга зиён бериб қўйишингиз мумкин. Бунинг масъулиятини унутманг. Биз ҳозир “Ҳа, ёшлар қолиб, катталар ўладиган касаллик экан-да”, демайлик. Кейин бу катталарни қадрини кундуз чироқ ёқиб ҳам топа олмаймиз. Уларни тажрибасини, меҳнатини, кўрсатаётган хизматини... Уларни биринчи ўринда асрашимиз керак.

Н.Т.: ―Раҳмат, бериб ўтган маълумотларингиз, фикрларингиз ва тавсияларингиз учун. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 426
Рейтинг: 3
t
×