Иккинчи Қорабоғ уруши пайтида Алиев ва Пашинян энг кўп кимга қўнғироқ қилган?
Олам
−
11 Январь
11550Кеча, 10 январь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев маҳаллий телеканалларга берган интервьюсида Иккинчи Қорабоғ уруши пайтида телефонда энг кўп гаплашган кишиларнинг исмларини маълум қилди.
“Иккинчи Қорабоғ уруши пайтида Туркия ва Россия раҳбарлари билан қўнғироқлашганман. Бу табиий, чунки Туркия етакчиси урушнинг биринчи кунидан то охиригача биз билан бирга бўлди. Унинг Озарбайжонни сиёсий ва маънавий қўллаб-қувватлагани кўпчиликка маълум”, деган Алиев.
Озарбайжон Президенти, агар мамлакат олдида жиддий хавф пайдо бўлса, биринчи қўнғироқ қиладиган киши Ражаб Тойиб Эрдўған бўлишини урғулаган.
Илҳом Алиев дипломатик мавқедошларига кам ҳолларда қўнғироқ қилишини айтган. Одатда қандайдир мавзу юзасидан, фавқулодда вазиятларда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ёки Президент ёрдамчиси орқали ҳамкор давлат раҳбарлари билан боғланилади. Алиевнинг билдиришича, у ўз одати бўйича, президентларга фақат уларнинг туғилган кунида қўнғироқ қилади.
Алиевдан фарқли ўлароқ, 2020 йилнинг 27 сентябридан 10 ноябрига қадар давом этган 44 кунлик Иккинчи Қорабоғ урушида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян дунё етакчиларига жами 19 марта қўнғироқ қилган. Ушбу маълумот Арманистон Бош вазирининг веб-сайтида эълон қилинганди.
Рўйхатда қуйидаги сиёсатчиларнинг номларига дуч келишимиз мумкин:
- Россия Президенти Владимир Путин – 5 та қўнғироқ
- Франция Президенти Эммануэль Макрон – 3 та қўнғироқ
- Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркел – 3 та қўнғироқ
- БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш – 1 та қўнғироқ
- Эроннинг собиқ президенти Ҳасан Руҳоний – 1 та қўнғироқ
- Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель – 1 қўнғироқ
- Беларусь резиденти Александр Лукашенко – 1 қўнғироқ
- АҚШнинг 45-президенти Дональд Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Роберт Орбен – 1 та қўнғироқ
- Австрия Бош вазири Себастян Курс – 1 қўнғироқ
- Нидерландия Бош вазири Марк Рютте – 1 та қўнғироқ
- Канада Бош вазири Жастин Трюдо – 1 та қўнғироқ
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 24 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг туғилган куни билан табриклаш учун қўнғироқ қилган эди.