Икки йиллик танаффусдан сўнг 39 ёшли Суарес терма жамоага қайтиши мумкин
Спорт
−
11:25 394 1 дақиқа
Икки йиллик танаффусдан сўнг афсонавий уругвайлик ҳужумчи Луис Суарес яна терма жамоага қайтиши мумкин. Уругвайнинг янги бош мураббийи Диего Форлан собиқ жамоадошига яна ишонч билдириш ниятида. Бу ҳақда “TyC Sports” нашри хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, Форлан жорий йилнинг сентябрь ойидаги халқаро танаффус доирасида Япония ва Жанубий Кореяга қарши ўтказиладиган ўртоқлик учрашувлари учун Суаресни терма жамоага чақирмоқчи.
Форлан аввалроқ “Эль Пистолеро”нинг терма жамоага қайтиши учун эшик очиқ эканини айтган эди.
“Албатта, Луис каби тажрибали, гол уриш инстинктига эга ва ҳар ҳафта ўйнаб, буни исботлашда давом этаётган футболчига эга бўлиш – нега бундай бўлмасин?” деган эди Форлан.
Суареснинг ўзи ҳам терма жамоага эҳтиёж бўлса, қайтишга тайёр эканини билдирган.
Маълумот учун, Луис Суарес Уругвай терма жамоаси сафида 143 та ўйинда 69 та гол урган. У миллий жамоадаги сўнгги учрашувини 2024 йил 6 сентябрь куни Жаҳон чемпионати саралаши доирасида Парагвайга қарши ўтказган. Ўша баҳс 0:0 ҳисобида якунланган.
Live
Барчаси