Икки йилдан буён ноғорани кимга чаляпмиз? – Норбоева

Жамият 14877

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева мамлакатда аёлларнинг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши хўжакўрсинга бўлмаслиги кераклигини айтмоқда. Унинг қайд этишича, раҳбарликка тайинланаётган аёллар фақат аёл бўлгани учун эмас, балки билими ва тажрибаси билан бошқалардан устун бўлгани учун ҳам шу лавозимни эгаллаётганини тан олиш керак. Бу ҳақда Норбоева бугун, 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг йиғилишида гапирди.

Йиғилишда Норбоева қўл телефони орқали ижтимоий тармоқдаги айрим фикрларни ўқиб эшиттирди. 

“Гендер тенглиги сунъий йўллар билан эмас, табиий равишда амалга оширилиши керак. Яъни раҳбарликка 6 та номзод бўлса, шулардан 5 таси эркак, 1 таси аёл бўлиши керак. Аёлнинг айнан аёл бўлгани учун эмас, 5 та эркак номзоддан кўра тажрибали, билимли, шу “кресло”га лойиқ бўлгани учун тайинлаш керак”, деб ёзган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири. 

“Шу ҳақида гапиряпмиз биз ҳам. Икки йилдан буён ноғорани кимга чаляпмиз? Биз ҳам шундай бўлсин деяпмиз”, дейди Норбоева. 

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси ўз фикрида собит давом этаркан, “шунчаки аёл бўлгани учун тайинланган ҳокималаримиздан эса шу пайтгача яхши янгилик эшитмадик”, деб мулоҳазаларини якунлайди. Норбоева эса унга ўша ҳокимлар раҳбарлик қилаётган туманларга бориб, уларнинг фаолияти билан танишишни тавсия этди. 

“Aёлни аёл бўлгани учун раҳбарликка тайинлайдиган бўлсак, анча йиллар олдин анча йиллар олдин тайинлаб қўйган бўлар эдик. Биз 6 минг нафар аёлни махсус раҳбарлик лавозимларига тайинладик. Бундан хулоса қилиб олишингиз мумкинки, биз аёлларни депутатлик, сенаторлик, ҳокимликка ёки бошқа лавозимларга тавсия қилаётган бўлсак ёки уларни тайинлаб қўйиб, иш берувчиларга, сиёсий партияларга берган бўлсак, ана ўшаларнинг ичидан аёллар ўзининг салоҳияти ва билими билан ютиб чиқди. Сайловда ҳеч ким аралашгани йўқ. Улар эркаклардан афзал бўлгани учун, 32 фоиз аёллар депутатликка сайловда ютиб чиқди. Ҳеч ким уларни аёл бўлгани учунгина депутатликка сайлагани йўқ. Халқ ҳам ёпиқ шаклда овоз берган. Шунинг учун мен бундай фикрларни бироз ўйлаб ёзиш керак, деб ўйлайман. Бир томонлама қараш керак эмас. Мен ҳар доим Гендер комиссиясининг раиси сифатида ўз позициямни эълон қилганман. Нафақат ўзим, балки Гендер комиссиямизнинг позицияси: аёл кишини фақат аёл бўлгани учун раҳбарлик лавозимига қўйиш керак эмас, у фақат эркакдан устун бўлсагина, талабларга тенг жавоб берсагина раҳбар лавозимига танлаб олиниши керак”, дейди Танзила Норбоева юқоридаги фикрларга жавобан.

Эслатиб ўтамиз, Андижон вилоятининг Бўстон тумани, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ва Қашқадарё вилоятнинг Қарши туманига ҳам аёл ҳокимлар тайинланган эди.

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 187
Рейтинг: 3
t
×