Уммон кўрфазида икки нефть танкери торпедо ҳужумига учради (видео)
Олам
−
13 Июнь 2019
5401Бугун, 13 июнь куни Уммон кўрфазида иккита нефть танкери портлади ва ёниб кетди. Бу ҳақда Эрон ОАВ хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, кема экипажи уни тарк этишга улгурган, ҳозирда уларнинг ҳаёти хавфсизликда. Араб ОАВ танкерлар торпедо ҳужумига учраганини тахмин қиляпти.
Reuters агентлиги манбаси маълумотиг кўра, танкерлар Маршал ороллари байроғи остида ҳаракатланувчи Front Altair в Панама байроғи остида ҳаракатланувчи Kokuka Courageous сифатида идентификация қилинган. Ливаннинг "Al-Mayadeen" телеканали тарқатган хабарларга кўра, Front Altair танкери бутунлай чўкиб кетган.
Қайд этилишича, Kokuka Courageous'нинг ўнг борти зарар кўрган. Экипажи аъзоларидан бири енгил жароҳат олган, унга ёрдам кўрсатилган.
Шу билан бирга, метанол ташиётган Kokuka Courageous фалокат содир бўлган районни тарк этмаган. Таъкидланишича, юкнинг чўкиш хавфи йўқ.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 майида БАА қирғоқлари яқинида 4та нефть танкерига (БАА, Саудия Арабистони ва Норвегия) ҳужум уюштирилганди. Ўшанда БАА вакили бу ҳужум ортида "бошқа бир давлат" турганини иддао қилганди.
АҚШ бу ҳужумда Эронни айблаган, аммо расмий Теҳрон бу ҳужумга алоқадорлигини рад этиб, жаҳон ҳамжамиятини бу ҳодисани синчиклаб ўрганишга чақирганди.