Икки нафар туркиялик Ўзбекистонда ҳибсга олинди. Улар жиноятда айбланмоқда

3-саҳифа 19955
image

Тошкентда меҳмон бўлиб турган икки нафар туркиялик фуқаро қалбаки 110 минг АҚШ доллари билан ўзбекистонликни чув туширмоқчи бўлишди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалида хабар берилди. 

Жорий йилнинг 8 октябрь куни соат тахминан 17:20 ларда ўзини Исмоил ва Мурод деб таништирган Туркия фуқаролари ўзбекистонлик Тўхтабой билан олмос кўзли узукнинг нархини келишишади. 110 минг АҚШ доллари қалбаки пулларни узук эгасига бериб, воқеа жойидан ғойиб бўлишади. 

Орадан бир кун ўтиб, 9 октябрь куни жабрланувчи Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси навбатчилик қисмига мурожаат қилиб, пуллар қалбаки экани, қонунбузарларга нисбатан чора кўрилишини сўрайди.  

Қалбаки пуллар билан фуқарони чув туширган туркиялик икки меҳмон Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинади. 

“Мен ва Исмоил бу ишни режалаштирдик. Бу ерда Тўхтабой исмли шахс билан танишдик. Унда қимматбаҳо узук бор экан. Биз уни ресторанда қалбаки пуллар билан сотиб олдик. У бизга ишонди. Мен қилган ишимдан жуда пушаймонман”, дейди жиноятга қўл урганини тан олган Мурод исмли шахс. 

Хўш улар қалбаки долларларни қаердан олган? 

Хабарда айтилишича, улар ўз яшаш манзилларида принтер орқали қалбаки АҚШ долларларини тайёрлашган. Қалбаки пулларнинг орасига рангли қоғозларни киритиб, устаомонлик билан қадоқлашади. 

Олинган ашёвий далиллар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси эксперт-криминалистика маркази томонидан текширилди. 

“Ўтказилган тадқиқотга асосан тақдим этилган ашёвий далиллар қалбаки экани аниқланди”, дейди марказ катта инспектори Ғайрат Набиев.

Мазкур ҳолат юзасидан Туркия фуқароларига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Айни вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси тайинланган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 618
Рейтинг: 3
Теглар
t
×