ИИВ фирибгарлик бўйича жиноий иш очилмаётгани ҳақидаги хабарларга жавоб қайтарди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Ички ишлар органларида фирибгарлик бўйича жиноят иши очилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур маълумот Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилганда, унда қайд этилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмаган.

Жумладан, маълумотда “Ички ишлар вазирлиги тизими ходимлари, айни пайтда, оддий ўзбекистонликлар, айни кунларда Жиноят кодексининг 168-моддаси – фирибгарлик бўйича тушган аризаларни расмийлаштириш тўхтатилганини билдирди”, - деб кўрсатилган. Ваҳоланки, 2019 йилнинг биринчи чорагида фирибгарлик билан боғлиқ 708 та жиноят қайд этилган.

“Баъзи ҳуқуқий билими етарли бўлмаган шахслар моддий олди-берди ҳолатларида фуқаролик ишлари бўйича кўриб чиқилиши лозим бўлган, жиноят аломатлари аниқланмаган ҳолатларни фарқлай олмаганликлари сабабли нотўғри фикрлашмоқда”, дейилади вазирлик ахборотида.

Шунингдек, маълумотда “Айни пайтда, профилактика инспекторлари аҳолини маъмурий қонунчиликни бузганликда айблаб¸ уларни жаримага тортиш бўйича махсус план берилгани ва уларнинг ойлик олиш-олмаслиги ана шу планнинг бажарилишига қарам бўлиб қолганини билдирди”, деб ёзилган. Агар маълумотда қайд этилганидек, “аризаларни расмийлаштириш тўхтатилган, жиноятчилик бўйича статистикани камайтириш мақсад қилинган” бўлса, унда қандай қилиб жаримага тортиш бўйича план берилиши мумкин? Бу мантиққа тўғри келмайди.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2017 йил 18 апрелдаги  “Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2896-сонли Қарори билан тасдиқланган 2-иловасидаги “Ички ишлар органлари таянч пунктлари тўғрисида Низом”да профилактика инспекторларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгиланган бўлиб, профилактика инспекторлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ ўзларига тааллуқли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган, лекин ушбу Низомда ёки бошқа норматив-ҳужжатларда профилактика инспекторларига ҳар ойда мажбурий равишда маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома тузиш юклатилмаган.

“Яна маълумотда ёзилган “Бу маълумот ва шикоятлар юзасидан ИИВ Матбуот хизматидан муносабат олишнинг имкони бўлмади – вазирлик расмий сайтида мазкур хизмат учун берилган телефон рақамларига 6 май куни ҳеч ким жавоб бермади” дейилган жумлага шуни айтиш мумкинки, ИИВнинг расмий веб-сайтида қайд этилган Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасининг хизмат телефонлари ишлаб турибди, аммо Ўзбекистон ҳудудида аккредитациядан ўтмаган оммавий ахборот воситалари билан мулоқотга киришилмайди”, дейилади маълумотда.

Вазирлик ушбу ишончсиз маълумотни Ўзбекистонга қарши қаратилган навбатдаги уйдирма сифатида баҳолаган.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ фирибгарлик

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг