ИИБга ишга киритиб қўйиш учун пора олганлар ушланди
3-саҳифа
−
26 Май 6464 2 дақиқа
Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ички ишлар органларига ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахслар қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Адлия бошқармасида оддий алоқа оператори лавозимида ишлаб келган, 1992 йил Урганч шаҳрида туғилган шахс Хонқа туманида истиқомат қилувчи фуқарони ўзининг мансабдор яқин танишлари орқали ички ишлар органларига мўмай пул эвазига осон ишга киритиб қўйишни ваъда қилади. Қолаверса, ушбу шахс лавозимларнинг мавқеи ва мансабига қараб ўзича нарх ҳам белгилаб, оддий аскарлар таркибидаги лавозимларга киритиб қўйиш учун 1500 АҚШ доллари, офицерлар таркибидаги лавозимларга ишга қабул қилиш учун эса 2000 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ Хоразм вилояти бўйича бошқармаси томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда адлия ходими воситачи орқали 1900 АҚШ доллари ва 1 млн 295 минг сўм олган вақтида ушланди.
Қашқадарё вилоятида ўтказилган бошқа бир тезкор тадбирда эса Миллий Гвардиянинг Қўриқлаш бошқармаси Қарши шаҳар бўлими ходими Косон туманида яшовчи бир фуқарони ўзининг мансабдор танишлари орқали вилоят ИИБга ишга киритиб қўйиш эвазига 2000 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хоразм вилоятида солиқ инспектори, Қашқадарё вилоятида эса суд-экспертиза маркази ходими пора билан ушланганди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь