ИИБдан ўлик ҳолда чиққан фермер бўйича қўшимча маълумот берилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Сурхондарё вилоятининг Узун туманида 42 ёшли аёл ва унинг боласи ўлдирилиб кетилгани, уйи эса ёқиб юборилгани хабар қилинганди. 25 февраль куни эса мазкур иш доирасида терговга жалб қилинган 50 ёшли фермер Тоҳиржон Ҳайитов ўлик ҳолда оиласига топширилганди.

Тоҳиржон Ҳайитов юрак хуружидан вафот этгани ва унинг ўлими бўйича прокуратурага сўров киритилгани айтилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман хабар берди.

Қайд этилишича, фермер Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг 2025 йил 24 февралдаги қарорига асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича айбли деб топилган ва унга 6 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. У Термиз шаҳридаги маъмурий қамоқхонага олиб борилаётган вақтда соғлиғи ёмонлашгани сабабли Сариосиё туман тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган. Бироқ тиббиёт ходимлари унинг вафот этганини маълум қилган.

Сариосиё туман суд-тиббий экспертизаси хулосасида марҳум юрак ишемик касаллиги, инфаркт миокарди, юрак аневризми ва юрак тампонацияси оқибатида вафот этгани қайд этилган. Шунингдек, унда пиелонефрит ва артеросклероз асоратлари мавжуд бўлган. Экспертиза кўриги вақтида унинг баданида бирор-бир тан жароҳатлари ва уларнинг излари аниқланмагани кўрсатилган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Сариосиё туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, текширув вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган. Шунингдек, ҳолат бўйича Бош прокуратурага Омбудсман сўрови юборилган.

QALAMPIR.UZ мазкур иш доирасида қўшимча маълумот олиш учун Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди. Унинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, 15 февраль куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида 42 ёшли аёл ва унинг боласи ўлдирилиб кетилган, уйи эса ёқиб юборилган. 23 февраль куни тахминан 12:00 ларда мазкур иш доирасида Тоҳиржон Ҳайитов Узун туманидаги яшаш уйидан терговга олиб кетилган. Орадан икки кун ўтиб, 25 февраль куни у ўлик ҳолда оиласига топширилган. Ҳайитовнинг жасади Сариосиё туманидаги ўликхонадан топилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё ИИБ фермер Узун тумани ўлик Тоҳиржон Ҳайитов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг