Ибн Синодан тишни асрашга оид 8 маслаҳат
Саломатлик
−
03 Декабрь 2020
19939Тиш ўзи учун зарурий озиқ моддаларни тановул қилинаётган овқатдан олади. Шу сабаб овқатни яхшилаб чайнаш, тишларни кўпроқ ювиш ва шифобахш моддалар билан чайиш тавсия этилади.
Тишларга озиқ моддалар етиб боришига камида икки дақиқа талаб қилинади. Кислота, шакар ва микроб токсинлари ҳам худди шунча вақт мобайнида тишга сўрилиб, энг муҳим моддалардан бири кальцийни парчалайди. Шунинг учун тишни чайиб туриш ўта муҳим.
Олма, сабзи, лавлаги, карам каби мева-сабзавотлар истеъмоли сўлак ажралишини кўпайтиради ва тишни ўз-ўзини тозалаши учун ёрдам беради. Бундан ташқари, янги меваларда бактерияларни йўқ қилувчи фитонцид моддаси мавжуд.
Абу Али Ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида тишларни соғ сақлаш учун саккиз қоидани эсда тутиш лозимлигини таъкидлайди:
– тез бузиладиган (айнишга мойил) ичимлик ва овқатларни (сут, тузланган балиқ) ейишда эҳтиёт бўлиш;
– доимий қайд қилиб юришдан сақланиш;
– ҳар қандай ҳолва ва ёпишқоқ анжирга ўхшаш тишга ёпишувчи ширинликлардан эҳтиёт бўлиш;
– қаттиқ нарсаларни тиш билан синдирмаслик;
– тишни қамаштирувчи нарсаларни иложи борича истеъмол қилмаслик;
– ўта совуқ нарсаларни ичмаслик, айниқса иссиқ ва совуқ нарсаларни кетма-кет истеъмол қилмаслик;
– тишни зарар етказмаган ҳолда доимий тозалаб туриш;
– тишларга зарар қиладиган бошқа турдаги нарсалардан ҳам сақланиш.
Тишни мисвоқ билан тозалаганда уни ўрта даражадаги юмшоқликда ишлатиш керак. Тишлар ялтироқлиги ва тиниқлигини кетказиб, бирор хатарга сабаб бўладиган даражада ишқаламаслик керак. Мисвоқ тўғри ишлатилса, тишлар ялтирайди, милклар мустаҳкамланади, тишлар кавакланиши тўхтаб, оғиз хушбўйлашади.
Доим ухлашдан олдин тишларни махсус гиёҳ дамламалари билан чайиб туриш керак. Энг яхшиси тиш мижози совуқ бўлса асал билан ишқалаш лозим. Бу тишни ялтиратади, зичлаштиради, бақувват қилади ва тозалайди. Новвотни янчиб, асал билан аралаштириб ишлатилса, бу муолажа ҳам тишлар ялтираши, милклар мустаҳкамланишига сабаб бўлади.
Баъзан бундан сўнг тиш ранги ўзгариб қолиши мумкин. Бундай ҳолларда асал истеъмол қилиш ёки тишга суртиш лозим. Куйдирилган аччиқтош ва тузни тишга ишқалаш ҳам фойда беради.
Яттуъ илдизини қайнатиб, ойда икки марта оғиз чайиб турилса, тиш ва милклар соғлом бўлади ва оғриқларга шифо бўлади.
LiveБарчаси