Ақлни чархлаш учун мутахассисдан 6 маслаҳат

Саломатлик 7740
image

Одам мияси асаб тизимининг бошқарув органи ҳисобланади. Унинг бутун имкониятлари тўлиқлигича ҳали инсониятга маълум эмас. У худди коинот сингари сир-синоатга тўла. Шундай бўлса-да, ақлни чархловчи машғулотлар билан шуғулланиш ва фойдали озиқ моддаларни истеъмол қилиш орқали миянинг фундаментал қобилиятларидан максимал фойдаланиш мумкин. Қуйида машҳур америкалик олим, невролог Дэвид Перлмуттернинг бу борадаги маслаҳатлари билан танишинг.

Кўнгилочар машғулотларнинг мияга фойдаси ҳақида

Вақтичоғлик ва завқ – мия фаолияти учун фойдали. Биринчидан, бу стрессни енгиллаштиради ва умуман олганда бутун танага бўладиган салбий таъсирни камайтиради. Иккинчидан, янги кўникмаларни ривожлантириш ҳамда ўрганишни талаб қиладиган бундай машғулотлар мияда янги нейронларнинг(нейрон – нерв ҳужайраси бўлиб, асаб тизимининг асосий бирлиги – таҳр.) шаклланишига ёрдам беради. Бу эса мияни ёшартиради. Агар инсон мунтазам равишда қизиқарли машғулотлар учун вақт топса, қариликнинг салбий жиҳатларидан камроқ азоб чекади.

“Агар сиз бутун вақтингизни фақат иш ва жиддий нарсаларга сарфласангиз, демак миянгизни муҳим ва фойдали тажрибалардан маҳрум қилаётган бўласиз”, дейди эксперт.

Мутолаанинг даволовчи хусусияти ҳақида

Илмий ҳақиқат: инсоннинг кун тартибида мароқли машғулот ва ҳоббининг йўқлиги турли хил касалликлар билан оғриш хавфини оширади. Масалан, китоб ўқиш нафақат завқ ва кундалик ҳаёт ташвишларидан чалғишга, балки руҳ ва танани тиклашга, куч олишга ёрдам беради. Ўқиш, шунингдек, миянинг пассив жойларини фаоллашишга ундайди.

Танадаги ортиқча вазн фикрлашга халақит қилади

Ортиқча вазн хотира ва эслаш қобилятида муаммоларга олиб келиш билан биргаликда, миянинг эрта қаришини келтириб чиқаради. Ундан ташқари, семириб кетиш яллиғланишни кучайтиради, бу эса мия ҳужайраларининг сонини камайишига сабаб бўлади. Бошқача қилиб айтганда:

“Агар бизда ортиқча вазн бўлса, унда ўйлаш, ўрганиш ва ишлаш анча қийинроқ бўлади. Шунинг учун овқатланиш тартибингизни ўзгартирганингиз маъқул”, дейди невролог Дэвид Перлмуттер.

Мияни озиқлантирувчи моддалар

“Миянинг фаолияти учун муҳим бўлган тухум, Б ва Е витаминларига бой озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олинг. Ёз ҳали тугамаган бўлса, малина, қулупнай ва қорағат каби реза мевалар истеъмол қилиш имкониятидан кўпроқ фойдаланинг”, деб ёзади Дэвид Перлмуттер.

Шифокор Дэвиднинг маълум қилишича, олимлар реза мевалар билан қари сичқонни бир муддат боққанидан сўнг, ўша сичқон ёш сичқонларникидан кам бўлмаган ҳаракатларни амалга оширган.

Ўрганишлар шуни кўрсатганки, реза мевалар миядаги майда қон томирларнинг фаолиятига ва қон айланишининг яхшиланишига ёрдам беради.

Мия учун машқлар

Жисмоний машқларсиз, мушаклар муқаррар равишда заифлашади. Худди шу нарса мия билан ҳам содир бўлади. Агар одам маълумотни ёдда тутишга, аввалгидек диққатни жамлашга қийналса, демак мия ҳужайраларида машқларга эҳтиёж бор.

Шундай хотира машқини бажариб кўринг: Ҳар қандай бир расмни олинг ва ундаги объектларга бир дақиқа қараб туринг. Шундан сўнг, расмни ёпинг ва ундаги объектларни алфавит кетма-кетлигида ёзишга ҳаракат қилинг.

Ширинликдан тийилинг

Таркибида шакар мавжуд бўлган таомлар қонда қанд миқдорини оширади. Бу эса мия ҳужайраларига зарар етказиш билан биргаликда хотира билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради. Шу маънода табиийроқ деб ҳисобланадиган жигарранг шакар ёки табиий асалнинг ҳам оддий, оқ рангдаги шакардан кам жойи йўқ. Улар ҳам зарарли.

“Имкон қадар шакар истеъмол қилишни чеклашга ҳаракат қилинг. Акс ҳолда, сиз “хотирасиз ширинликхўр”га айланиб қоласиз”, дейди америкалик эксперт.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 194
Рейтинг: 3
t
×