ИҲТ Исроилнинг Ал-Ақсо масжиди ҳудудидаги ҳаракатларини қоралади

Олам

image

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ижроия қўмитаси Исроил томонидан босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ислом зиёратгоҳи – Ал-Ақсо масжиди ҳудудидаги хатти-ҳаракатлар муносабати билан навбатдан ташқари йиғилиш чақирди. 

Саудиянинг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишнинг очилишида сўзга чиққан ИҲТ Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Исроил томонининг Ал-Ақсо минтақасидаги ҳаракатларини қоралади, бу эса, унинг сўзларига кўра, вазиятнинг кескинлашувига ҳисса қўшади ва Яқин Шарқдаги хавфсизлик ва барқарорликка таҳдиддир.

ИҲТ Бош котиби исроилликларнинг Ислом зиёратгоҳи ҳудудидаги ҳаракатларини “халқаро ҳуқуқни бузиш”, шунингдек, “мусулмонларнинг туйғуларини ҳақорат қилиш” деб атади. 

Унинг қайд этишича, Тель-Авивнинг асл мақсади этник харита ва Қуддус зиёратгоҳлари мақомини ўзгартириш, жумладан, шаҳарнинг исломий меросини бутунлай йўқ қилишдир.

Эслатиб ўтамиз, ўзининг провокацион ҳаракатлари билан машҳур бўлган Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир жорий йилнинг 3 январь куни эрталаб Исломнинг муқаддас маскани – босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига кирди. Бен Гвирга Исроил полицияси ходимлари ҳамроҳлик қилиб, Ҳарами Шарифга (Маъбад тоғига) бордилар. 

Миллий хавфсизлик вазири беш йил ичида Исломнинг учинчи муҳим зиёратгоҳи ҳудудига кириб келган Исроил Вазирлар Маҳкамасининг биринчи аъзоси бўлди. 

Вазирнинг хатти-ҳаракатлари мусулмон диндорларнинг эътирозига сабаб бўлиб, босиб олинган Фаластин ҳудудларида кескинликни оширди. 

Саудия Арабистони, Миср Араб Республикаси, Қатар ва Қуват, БАА ва Туркия Исроил Миллий хавфсизлик вазирининг ҳаракатларини қоралади.

Маълумот ўрнида, Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.

Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.

Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.

Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.

Маълумот учун, 2022 йилнинг май ойида Исроил-Фаластин можароси кескинлашиб, тўқнашувлар бошланганди. 7 май куни бошланиб, 11 кун давом этган ўзаро ҳаво ҳужумлари натижасида Ғазо секторида яшовчи 232 нафар араб ҳалок бўлган ва 1900 га яқини жароҳат олган. Исроилда эса 12 нафар инсон вафот этган, юзлаб одамлар яраланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ал-Ақсо Исроил Ислом ҳамкорлик ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг