“Hyundai Motor Uz Namangan” қўшма корхонаси қурилиши бошланди

Жамият

image

Наманган шаҳрида Ўзбекистон – Корея қушма корхонаси қурилиши бошланди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда “Evergreen Motors Group” компанияси президенти Ким Чанг Кеон бошчилигидаги бир қатор Корейс компаниялари раҳбар ва мутахассислари, вилоят давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидландики, мазкур қўшма корхонага асос солинишида Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар ҳамкорлик алоқалари янги кўламли босқичга кўтарилгани ўз ифодасини топади.

“Жумладан, бу лойиҳа Наманган вилояти ва Корея Республикаси ҳамкорлигида келгусида амалга ошириладиган катта ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик кўплаб йирик лойиҳаларнинг дебочаси бўлиб қолади. “Hyundai Motor Uz Namangan” қўшма корхонасининг ишга туширилиши вилоят ва мамлакатимиз автомобилсозлигида янги саҳифа очади ва ҳудуд иқтисодиётининг мустаҳкамланиши, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади”, деди Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров.

Тўрақўрғон туманининг Еттикон даҳасида Кореянинг “Evergreen Motors Group” “Hyundai Motor company” компаниялари ҳамкорлигида 103 гектар майдонда барпо этиладиган заводда “Hyundai” русумли тижорат юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқарилади. Завод қурилиши учун 2019-2021 йилларда 200 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилади ва шу йиллар оралиғида 4 мингта турли хил юк автомобили ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шунингдек, тўрт йил мобайнида эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси 45 фоизга етказилади.

“Шавкат Мирзиёев томонидан Президентлик фаолиятининг аввалидаёқ мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир 5 та стратегик йўналиш белгилангани ва инвестицияларни жалб қилиш, экспортга қаратилган ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш масалаларини ўз ичига олган дастурлар қабул қилинганлигини яхши биламиз. Мазкур лойиҳа ушбу учта шартни ўз ичига олган ва икки томонлама манфаатли лойиҳа бўлади”, деди “Evergreen Motors Group” компанияси президенти Ким Чанг Кеон.

Маросимда вилоят ҳокими ҳамда “Evergreen Motors Group” компанияси президенти томонидан старт тугмаси босилиб, иштирокчиларнинг давомли қарсаклари остида корхонага асос солиниши санаси ва бошқа муҳим маълумотлар солинган капсула пойдеворга туширилиб, бунёдкорлик ишига рамзий киришилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Жанубий Корея

Баҳолаганлар

95

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made