Huawei Россия бозорини тарк этяпти. Ишчилар Ўзбекистонга кўчирилди

Технология

image

Хитойнинг Huawei  компанияси смартфонларни Россияга тўғридан-тўғри етказиб беришни бутунлай тўхтатди ва ниҳоят Россия бозорини тарк этиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 31 октябрь куни “Известия” газетаси турли уяли алоқа операторларига яқин икки манбага, шунингдек, йирик смартфон ишлаб чиқарувчи компанияда ишлайдиган манбага таяниб ёзмоқда. 

Huawei, шунингдек, Россия Федерациясига планшетлар, ноутбуклар, телевизорлар ва бошқа жиҳозларни импорт қилмаслиги урғуланмоқда.

“Huawei  ҳозирда ўз қурилмаларини Россияга тўғридан-тўғри етказиб бермаяпти”, дея тасдиқлади нашрнинг яна бир манбаси. 

Telecom Daily бош директори Денис Кусков “Известия”га маълум қилишича, баъзи жиҳозлар ҳали ҳам бренднинг расмий дўконида сотилмоқда, бироқ булар аввалги етказиб беришларнинг қолдиқлари. Янги партияларнинг йўқлиги Huawei онлайн-дўконининг ёпилишига олиб келиши мумкин. Баҳорда компания Россия Федерациясига уяли алоқа учун база станцияларини етказиб беришни тўхтатди. Кусков, шунингдек, компания ходимларини Қозоғистон ва Ўзбекистонга кўчирганини ва улар яқин орада қайтиб келмаслиги аниқлигини таъкидлади. 

Huawei компаниясининг Россиядаги истеъмолчи бизнес гуруҳининг PR-менежери Мария Кривцова етказиб беришни тўхтатиш ва сотувчининг Россия бозорини тарк этиш режалари ҳақида сўралганда бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.  

“Известия”нинг Huawei’нинг ҳамкор компаниясидаги манбасининг айтишича, агар Huawei Россия бозорини тарк этса, бренд маҳсулотларини мамлакатга параллел импорт орқали, шунингдек, тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчидан эмас, балки Хитойдаги воситачилардан ускуналар сотиб оладиган дистрибюторлар орқали олиб кириш мумкин бўлади.

“Ҳозирги шароитда тўғридан-тўғри етказиб бериш – бу жуда мураккаб тушунча. Xiaomi биринчи бўлиб Хитойдаги ҳамкори орқали Россияга ускуналарни импорт қилиш схемасини ўйлаб топди – у кўп йиллардан буён фойдаланмоқда. Бундай ҳолда, Россияга товарларни етказиб берадиган Хитой компанияси барча хавфларни ўз зиммасига олади, сотувчининг ўзи эса барча жараёнларни назорат қилади”, дейди “Mobile Research Group” таҳлилчиси Эльдар Муртазин нашрга. 


Мақола муаллифи

Теглар

Huawei

Баҳолаганлар

521

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг