Гулнора Каримованинг аҳволи қандай? Унга нисбатан қийноқ бўлаётгани ростми?
Жамият
−
19 Март 2021
53390Ижтимоий тармоқларда айни пайтда ўзига тайинланган жазони ўтаётган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – собиқ Фонд форум васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримованинг фарзандлари Ислом ва Имон онасига нисбатан ҳибсхонада инсон ҳуқуқларига зид равишда муносабатда бўлинаётганини айтиб чиққанди.
Мазкур хабарлар юзасидан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари хусусан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) текширув ўтказдими? Гулнора Каримованинг аҳволи қандай, унга нисбатан муносабат унинг фарзандлари айтганидекми? Шу саволларга жавоб олиш учун Омбудсман Феруза Эшматовага микрофон тутдик.
Омбудсман ҳолат юзасидан қисқа муносабат билдириб, иддаолар ўз тасдиғини топмаганини маълум қилди.
“Бу масала ҳам Омбудсманнинг диққат эътиборида бўлди. Бугунги кунда бу борада ўрганишлар натижасида ҳеч қандай муаммолар йўқлиги ва асослар йўқлиги тўғрисида маълумотлар олдик”, деди Феруза Эшматова.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ Колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
Ўтган йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.
Хусусан, суд ҳукмига кўра, Н.Содиковга 20 йил, О.Свиридовга 17 йил 3 ой, А.Эргашевга 18 йил 1 ой, Ш.Сабировга 17 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г.Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ж.Абдурахманов ва Б.Тешабаев эса жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиндилар.
LiveБарчаси