Гулнора Каримова қамоқхонада рўза тутаётгани маълум қилинди

Жамият 37912
image

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набираси Имон Каримова ўзига тайинланган жазони ўтаётган онаси Гулнора Каримова қамоқхонада рўза тутаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у Instagram’даги саҳифасида хабар қолдирган.

“Барчага ва онамга сабр-тоқат тилайман. Чунки улар ҳам рўза тутмоқдалар”, деб ёзган Имон Каримова.

Эслатиб ўтамиз, Имон Каримова бир неча кун олдин Ўзбекистонга қайтди. Унинг қайтгани Instagram’даги постларидан маълум бўлди.

Кейинчалик, кичик Каримова онаси билан учрашиш учун қамоқхонага киритилмаётганини таъкидлаб чиқди.

Маълумки, Каримовлар оиласининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йилдан буён жиноятлари учун жавоб бермоқда. У айни вақтда ҳибсда. Оиланинг кенжаси Лола Каримова-Тилляева эса турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. Гулнора Каримованинг фарзандлари Ислом ва Имон эса айни вақтда Лондонда таҳсил олмоқда. Каримовлар оиласидан фақат Татьяна Каримова Ўзбекистонда истиқомат қилмоқда. У Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва Каримов номидаги Республика жамоат фонди фаолиятини юритишда бош-қош.

Лола Каримованинг қизи Марям эса куни кеча таниқли рус блогери Амиран Сардаровга турмушга чиқди.

Маълумотларга кўра, Гулнора Каримованинг фарзандлари Ислом Каримов ва Имон Каримованинг оиланинг бошқа аъзолари, хусусан холаси Лола Каримова Тилляева ва бувиси Татьяна Каримова билан алоқаси йўқ. Бир вақтлар Татьяна Каримова Имон Каримовани Тошкентда олиб қолишга урингани, унга уй бергани, бироқ Имон буни қабул қилмагани ҳақида гап-сўзлар мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова бувиси Татьяна Каримова ва холаси Лола Каримова-Тилляева билан 2017 йилнинг август ойида пойтахт Тошкентда Ислом Каримов ҳайкали очилиш маросимида қатнашган эди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1704
Рейтинг: 3
t
×