“Гуантанамодаги ваҳшийликлар”: Хитой АҚШни жавобгарликка чақирди
Олам
−
21 Январь 2022
8236АҚШнинг Гуантанамо қамоқхонаси қонун устуворлигини поймол қилиш ва америкача инсон ҳуқуқлари бузилишининг классик рамзига айлангани сабабли, Хитой расмий Вашингтонни у ерда содир этилган ваҳшийлик учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга чақирмоқда. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь маълум қилди.
“Гуантанамо АҚШда инсон ҳуқуқлари учун ўчмас доғдир”, деган у.
Унинг сўзларига кўра, Гуантанамо каби қамоқхоналарда содир этилган ваҳшийликларни “Қўшма Штатларда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги қоронғу дарслик” сифатида кўриш мумкин.
“АҚШнинг дунё бўйлаб худди шундай “қора қамоқхоналари” узоқ вақтдан бери америкача услубдаги қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари бузилишининг классик рамзи бўлиб келган. Бу қамоқхоналар америкалик сиёсатчиларнинг инсон ҳуқуқлари ҳақидаги баёнотлари контекстида катта истеҳзо бўлиб, Американинг инсон ҳуқуқлари бўйича иккиюзламачилигини фош қилади”, дея қўшимча қилган у.
Чжао Лицзянь Қўшма Штатларни Гуантанамода содир этилган ваҳшийликлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга ҳамда қурбонлардан кечирим сўрашга ва товон тўлашга чақирган.
Маълумот ўрнида, Гуантанамо базасидаги халқаро террорчилар учун қамоқхона 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейин ташкил этилган. Аввалроқ, қатор халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, ЕХҲТ ва БМТ экспертлари АҚШнинг янги маъмуриятини Гуантанамо қамоқхонасида кўплаб маҳбуслар судсиз сақланаётгани ва қийноқларга дучор бўлгани сабабли уни зудлик билан ёпишга чақирган эди.
АҚШнинг собиқ Президенти Барак Обама 10 йилдан кўпроқ вақт олдин Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш тўғрисидаги фармонни имзолаган, бироқ Конгресс қамоқхонани тугатишни молиялаштиришдан бош тортгани учун уни амалга ошира олмаган. Унинг вориси Дональд Трамп Обаманинг буйруғини расман бекор қилган. Байден маъмурияти қамоқхонани ёпишни хоҳлаётганини айтган, аммо бу қачон содир бўлишини очиқламаган.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Гуантанамо қамоқхонасида 39 маҳбус қолмоқда, улардан 27 нафари расмий айбловларсиз 15-20 йил давомида ҳибсда сақланган.
LiveБарчаси