АҚШ Гуантанамодаги 11 маҳбусни кўчирди
Олам
−
07 Январь
2804АҚШ ҳукумати Гуантанамодаги АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари базасида сақланаётган 11 маҳбусни кўчирди. Бу ҳақда кеча, 6 январь куни АҚШ Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Пентагонга кўра, гап Ямандан келганлар ҳақида кетмоқда. Таъкидланишича, АҚШнинг миллий хавфсизлик манфаатларини кўзлаб, улар қўшни Яманга, Уммонга олиб кетилади.
“АҚШ маъмурияти Гуантанамодаги маҳбуслар сонини камайтириш ва қамоқхонани ёпиш мақсадига эришишда кўрсатган ёрдами учун Уммон ҳукуматига миннатдорлик билдиради”, дея таъкидланади Пентагон баёнотида.
Гуантанамода 15 маҳбус қолмоқда
“The New York Times” газетасининг ёзишича, 11 яманликка нисбатан айблов қўйилмаган, бироқ ўз мамлакатидаги фуқаролар уруши туфайли депортация қилинмаган.
2024 йил декабрида АҚШ Президенти Жо Байден Гуантанамо қамоқхонасидаги тўрт маҳбусни озод қилди. Ҳозирда Гуантанамода 15 киши, жумладан, 2001 йил 11 сентябрь хуружлари ташкилотчиси, Холид Шайх Муҳаммад ҳам ҳибсда қолмоқда.
У ва унинг икки шериги июль ойи охирида ўлим жазосидан озод қилиш эвазига айбини тан олишга рози бўлди. Бироқ, Пентагон раҳбари Ллойд Остин судгача бўлган келишувларни бекор қилди.
Байден Гуантанамо қамоқхонасини ёпмоқчи эди
Кубанинг Гуантанамо шаҳридаги Вашингтон томонидан ижарага олинган ҳарбий-денгиз базасидаги қамоқхона мажмуаси Жорж Буш маъмурияти томонидан 23 йил аввал, 11 сентябрдаги терактлардан сўнг очилган эди. Ҳаммаси бўлиб, у ерда 779 киши ушлаб турилган, уларнинг кўпчилиги ҳеч қачон айбланмаган.
Барак Обама 2007 йилги сайловлар чоғида Гуантанамодаги махсус қамоқхонани ёпишга ваъда берган, аммо АҚШ Конгрессидаги республикачилар унинг режаларига тўсқинлик қилган. Байден ҳам қамоқхонани президентлик муддати тугамасдан ёпиш ниятида эди.
Ўз навбатида, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 2018 йилнинг январь ойида ўзининг биринчи муддатида қамоқхонани йўқ қилмаслик ҳақидаги фармонни имзолади. У буни Америка ва халқаро қонунларга мос деб атади. Гуантанамо қамоқхонасидаги собиқ маҳбуслар уларга нисбатан сўроқ қилишнинг тақиқланган усуллари, жумладан, уйқусизлик, ҳаддан ташқари ҳарорат, баланд мусиқа ва чўктириш симуляцияси қўлланганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Лондонда жойлашган CAGE инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Гуантанамо лойиҳасини амалга ошириш учун масъул юрист Анас Мустафо Кубадаги Американинг Гуантанамо қамоқхонасида маҳбуслар қийноққа солиниши ва инсоннинг асосий эҳтиёжларидан маҳрум қилинишини айтганди.
LiveБарчаси