АҚШ ҳибсга олинган мигрантларни Гуантанамо базасига юборди

Олам

image
Гуантанамодаги қамоқхона ноқонуний муҳожирлар учун тайёрланмоқда north_east

Гуантанамодаги қамоқхона ноқонуний муҳожирлар учун тайёрланмоқда

Кеча, 4 февраль куни АҚШ расмийлари оз сонли муҳожирларни Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасига кўчирди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийларига таяниб, “Америка Овози” хабар берди.

Маъмурият “юқори хавф” деб ҳисоблаган 20 дан кам муҳожирлар Форт Блиссдан C-17 ҳарбий самолётларида учиб кетишган.

АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм ижтимоий тармоқларда айрим муҳожирларнинг ҳарбий юк самолётига чиқишга тайёрланаётгани акс этган суратларни жойлаштириб, уларни депортация қилиш ҳаракатлари эндигина бошланаётгани ҳақида огоҳлантирди. Кейинроқ Ички хавфсизлик департаменти Техасдан Гуантанамога учаётган ҳарбий рейсдаги барча муҳожирлар Венесуэланинг халқаро миқёсда фаолият юритувчи “Трен де Арагуа” кўча тўдаси аъзолари бўлганини айтди. Расмийлар ҳибсга олинганлар қачон ва қандай қилиб биринчи марта қамоққа олингани ҳақида маълумот бермади.

Аввалроқ Оқ уй “Трен де Арагуа”ни хорижий террорчилик ташкилоти рўйхатига киритиш режасини эълон қилган эди. Президент Дональд Трампнинг ўтган ойдаги буйруғига кўра, Пентагон ҳужжатсиз муҳожирларни сақлаш муассасаларини кенгайтириш учун Гуантанамога 300 нафар денгиз пиёдасини юборган эди. ОАВ хабарларига кўра, улар ҳарбий-денгиз базасининг алоҳида қисмидаги ўралган ҳудуд ичида муҳожирларни жойлаштириш учун чодирлар ўрнатган. “Fox News” хабарига кўра, бу иншоотлар ҳали муҳожирларни қабул қилишга тайёр эмас.

“Қўшимча кучлар киритилиши ва Ички хавфсизлик департаменти талаблари асосида қўшинлар сони ўзгаришида давом этади”, деди Жанубий ва Марказий Америка ҳамда Кариб денгизи минтақаларини назорат қилувчи АҚШ жанубий қўмондонлиги.

Пентагон вакили эса “Америка Овози”га анонимлик шарти билан 4 февраль куни олиб борилган муҳожирлар тергов изоляторида сақланишини маълум қилган.

Гуантанамо қамоқхонасининг ўзи ҳарбий асирлар ва терроризмда гумон қилинганлар, жумладан, 2001 йил 11 сентябрдаги хуружларда иштирок этганлар сақланиши билан машҳур.

Мудофаа вазири Пит Ҳегсет шу ҳафта “Fox News” телеканалига берган интервьюсида “Агар сиз биз юртимиздан чиқариб юборган зўравон безори бўлсангиз, биз сизни мамлакатингизга қайтаришни кутаётганимизда, сиз “Ал-Қоида” учун қурилган камерада бўласиз”, деб айтди.

Ўтган ойда Трамп мудофаа ва ички хавфсизлик департаментларига 30 минг муҳожирни қабул қилиш учун Кубадаги АҚШ ҳарбий-денгиз базасини тайёрлашни буюрган эди.

“Уларнинг баъзилари [қўлга олинган муҳожирлар] шунчалик ёмон одамларки, биз ҳатто [бошқа] мамлакатлар уларга ғамхўрлик қилишига ишонмаймиз, чунки биз уларнинг қайтишини истамаймиз. Шунинг учун биз уларни Гуантанамога жўнатмоқчимиз”, деганди Трамп.

Қайд этиш жоиз, демократ президентлар Барак Обама ва Жо Байден маъмурияти Гуантанамодаги лагерни ёпишга ҳаракат қилган. Қамоқхонанинг ўзи 2001 йил 11 сентябрь хуружларидан кўп ўтмай бошланган АҚШнинг Афғонистондаги операциялари ортидан 2002 йилда Жорж Буш маъмурияти томонидан қурилган.

Human Rights First адвокатлик гуруҳи президенти ва бош директори Сью Хендриксон муҳожирларнинг Гуантанамога юборилишини инсон ҳуқуқлари фалокати деб атади.

“Трамп маъмурияти муҳожирларни Гуантанамога жўнатиш рамзини жуда жозибали деб топиши мумкин. Бироқ амалий натижа янада катта адолатсизлик ва ўз-ўзига ишончни йўқотиш бўлади”, деди Хендриксон.

Террорга қарши глобал уруш даврида Гуантанамода 680 га яқин маҳбус бор эди. Пентагон маълумотларига кўра, 6 январь ҳолатига кўра, муассасада атиги 15 нафар маҳбус бўлган.

Маълумот учун, 1990 йиллар бошида, ҳарбий-денгиз базаси терроризмда гумон қилинганларни ҳибсга олиш учун фойдаланила бошлагунга қадар, у Куба ва Гаитидан келган муҳожирларни жойлаштириш учун фойдаланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ мигрантлар Гуантанамо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг