“Guangzhou”да ишлаган хитойлик ота-бола табиблар жазоланди
3-саҳифа
−
18 Сентябрь 7228 5 дақиқа
Бундан 3,5 олдин, 2022 йилнинг 23 апрель куни “Guangzhou medical of China” МЧЖ мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Мазкур иш доирасида ушбу клиникада шифокор бўлиб ишлаган Хитой фуқаролари Х.К. ва унинг ўғли Х.Ф.га суд ҳукми ўқилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатда келтирилишича, Х.К. ва Х.Ф. 2020 йил 7 декабрдан 2022 йил 11 апрель кунига қадар Тошкент шаҳар, Бектемир туманида жойлашган “Guangzhou Medical of China” МЧЖга қарашли “Guangzhou” клиникасига мурожаат қилган беморларга тиббий усулдан фойдаланмаган ҳолда ташхис қўйиб, игна санчиш муолажаси ва махсус дори воситалари ёрдамида касалликдан тузалиб кетишини айтган. Бироқ улар сифатсиз дори воситаларини алдов йўли билан ўтказиб, жабрланувчилардан олинган пулларни ўзаро тақсимлаб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Х.К. ва Х.Ф. шу тариқа 100 кишини алдаган ва пулларини олган.
2024 йилнинг 20 октябрь куни 61 ёшли Х.К. ва унинг ўғли 31 ёшли Х.Ф.га нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган. Х.К. 2024 йил 19 декабрда Қозоғистонда ушланиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Ўғли ҳам 2024 йилнинг 27 ноябрида Қозоғистонда ушланган ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
Жорий йилнинг 29 август куни жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида мазкур иш кўриб чиқилган. Суд мажлисида жабрланувчилардан бири Г.Х. 2018 йилдан буён бел-умуртқа соҳасида грижа борлиги сабабли кучли оғриқлар сезишни бошлаганини ҳамда йўтал безовта қилишини айтган. Шунингдек, турли шифокорларга мурожаат қилиб, шифо топа олмаганини, телевизорда Хитой ҳалқ табобати асосида хитойлик мутахассислар томонидан бир қанча касалликларни даволашга ихтисослаштирилган “Guangzhou” Хитой клиникаси ҳақида хабар топганидан сўнг, ушбу клиникага боргани ва дастлабки кўрик учун 50 минг сўм тўлов қилганини маълум қилган.
Г.Х.нинг билдиришича, хитойлик ўрта ёшдаги эркак қўлидаги томирини ушлаб, қон босимини ўлчаб кўрган ва бу касалликни даволай олишини, 10 кун даволаш курси учун муолажа нархи 2 млн 800 минг сўм бўлишини, муолажани 2 млн 500 минг сўмга арзонлаштириб бериши мумкинлигини айтган. Г.Х. 1 млн сўм тўлов қилганидан сўнг унга игнатерапия муолажасини қилишни бошлашган. Бемор эртаси куни қолган 1 млн 500 минг сўмни тўлаган ва унга 10 кунлик дорилар истеъмол қилиш учун берилган. У 3 кун игнатерапия муолажасини олиб, берилган дориларни айтилган вақтда ичиб келган, лекин ўзида ҳеч қандай ижобий ўзгариш сезмаган. Хусусан, бел соҳасидаги оғриқлар ҳам тўхтамаган. Судда Г.Х. шундан сўнг ушбу клиникага қайтиб бормаганини, ушбу клиникадан умуман шифо топмаганини, аксинча, уни алдаб пулини олишганини айтиб, унга етказилган 2 млн 550 минг сўм миқдоридаги моддий зарарни ундириб беришни сўраб, кўрсатма берган.
Ушбу клиникада жами 100 нафар бемор шу тариқа алданган ва “даволаниш учун” турли миқдорларда пул тўлаган.
Судланувчи Х.К. суд мажлисида айбига иқрор бўлган. Унинг кўрсатма беришича, 2020 йилнинг ноябрь ойида ўғли Х.Ф. билан танишлари Л.Ж.Ч. ва Ж.Д. томонидан ташкил этилган “Guangzhou Medical of China” клиникасига ишлашга келган. Ушбу клиникада у ва ўғлидан ташқари яна 4 нафар хитойлик ва ўзбек миллатига мансуб бошқалар ҳам ишлаган. Х.К. клиника яқинида бўлган кўп қаватли уйдан ижарага хонадон олиб, ўғли билан яшаган ва ойига 1300 доллардан маош олган. Бироқ Ж.Д. маошини вақтида бермагани сабабли ушбу клиникадан кетган. 2022 йилнинг тахминан март-апрель ойларида эса ўғли билан бирга Хитойга қайтган.
Х.К.нинг айтишича, ҳақиқатдан ҳам ушбу клиникада ишлаган даврида беморларга табиий ўтлардан тайёрланган хитой табобатининг дориларини тавсия қилиб, бериб келган. Лекин жабрланувчиларнинг ҳаммаси билан ҳам гаплашмаган. Шунингдек, у иш бўйича етказилган моддий зарар қоплангани, у беморларга захарли ёки кимёвий дориларни бермагани ва чет эл фуқароси экани ҳамда ёшини инобатга олиб, ватанига қайтиши учун суддан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.
Суд ҳукми билан Х.К. ва Х.Ф. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди ва 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини, ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) 2-қисми “б, в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда Х.К.га БҲМнинг 123 баравари (33 млн 210 минг сўм), Х.Ф.га БҲМнинг 112 баравари (30 млн 240 минг сўм) миқдорида жарима жазоси қўлланган. Жаримани давлат фойдасига ундириш белгиланган.
Х.К. ва Х.Ф.га қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинган ва суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги "тилхат" эҳтиёт чораси қўлланган ҳолда улар дарҳол суд залида қамоқдан озод қилинган.
Жабрланувчиларга етказилган 381 млн 402 минг сўм моддий зарарни Тошкент шаҳар ИИББнинг депозит ҳисобрақамида сақланаётган, дастлабки терговда Ж.Д. томонидан тўланган 300 млн сўм ҳамда “Guangzhou Medical of China” МЧЖда ўтказилган тинтув давомида олинган 107 млн сўм ҳисобидан қоплаш белгиланган.
Маълум бўлишича, жиноят ишининг бир қисми алоҳида иш юритувига олинган. Бу бўйича гумонланувчиларга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Live
Барчаси