GTA 6 ўйин бозорини “портлатди”: олдиндан сотув бўйича рекорд ўрнатилди
Бу қизиқ
−
13:14 223 2 дақиқа
Grand Theft Auto VI (GTA 6) видео ўйини расмий релизга қадар 1,5 миллиард доллардан ортиқ маблағ эвазига олдиндан буюртмалар тўплади ва энг йирик ўйин дўконларининг рекордларини ўрнатди. Бу ҳақда “Sensor Tower” таҳлил компанияси маълумотларига таяниб, “Forbes” нашри хабар берди.
Таҳлилчиларнинг баҳолашича, жорий йил 17 ноябрь ҳолатига кўра, PlayStation 5 ва Xbox Series X|S платформаларида GTA 6 учун рақамли олдиндан буюртмалар сони тахминан 15,88 миллион нусхага етган. Расмийлаштирилган буюртмаларнинг умумий қиймати 1,54 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Шу тариқа, ўйин ҳали сотувга чиқмасданоқ дастлабки савдолар ҳажми бўйича 1 миллиард долларлик маррадан ўтди. Sony ва Microsoft компаниялари GTA 6 ўйини PlayStation Store ва Microsoft Store тарихида энг кўп олдиндан буюртма қилинган ўйинга айланганини маълум қилган.
Таққослаш учун, сериянинг 2013 йил сентябрь ойида чиққан аввалги қисми – GTA 5 релиздан кейинги дастлабки уч кун ичида 1 миллиард доллар даромад келтирган. Таҳлилий ҳисоб-китобларга кўра, GTA 6 ушбу суммани расмий савдолар бошланишидан олдиноқ ортда қолдирган.
Бироқ келтирилган кўрсаткичлар ҳозирча ишлаб чиқувчиларнинг расмий статистикаси ҳисобланмайди. Rockstar Games компанияси ва унинг бош компанияси Take-Two Interactive олдиндан буюртма асосида сотилган нусхаларнинг аниқ сонини ошкор қилмаган.
GTA 6 ўйинининг расмий релизи 2026 йил 19 ноябрга белгиланган. Ўйин PlayStation 5 ва Xbox Series X|S консоллари учун чиқарилади.
Маълумот учун, Grand Theft Auto ўйинининг янги қисми воқеалари Флорида штати мотивлари асосида яратилган тўқима Америка штати – Леонидада бўлиб ўтади. Асосий воқеалар ривожланадиган жойлардан бири Майамининг виртуал аналоги бўлган Вайс-Сити шаҳри бўлади.
Сюжет марказида икки бош қаҳрамон – Жейсон Дюваль ва Люсия Каминос туради. Уларнинг ҳаёти жиноят олами ва кенг кўламли криминал воқеалар билан боғлиқ бўлади. Ўйинга бўлган қизиқиш ниҳоятда юқори. GTA 6 нинг биринчи трейлери дастлабки суткадаёқ YouTube тармоғида 93 миллиондан ортиқ кўришлар сонини тўплаган.
Сериянинг аввалги қисми – GTA 5 230 миллиондан ортиқ нусхада сотилиб, тарихдаги тижорий жиҳатдан энг муваффақиятли видеоўйинлардан бирига айланган.
Экспертлар GTA 6 нинг чиқиши жаҳон кўнгилочар индустриясидаги энг йирик воқеалардан бири бўлишини кутмоқда. Бироқ савдолар бўйича якуний рекордларни фақат расмий релиздан кейингина баҳолаш мумкин бўлади.
Live
Барчаси