GTA VI савдо бўйича ўз рекордини янгилади
Бу қизиқ
−
14:16 128 2 дақиқа
Grand Theft Auto VI видео ўйини сотувга чиқарилган дастлабки 24 соат ичида 3,79 миллиард долларлик савдо ҳажмини қайд этиб, тарихдаги энг йирик кўнгилочар маҳсулот релизига айланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, жиноятчилик мавзусидаги экшн-адвенчур жанридаги ўйин жорий йилнинг 19 ноябрь куни жаҳон бўйлаб сотувга чиқарилган. Rockstar Games маълумотига кўра, унинг расмий релизидан олдин 32,5 миллион дона нусхаси сотилган.
GTA VI биринчи кунлик натижаси билан ўзидан олдинги GTA V ўйинининг рекордини ҳам янгилади. 2013 йилда сотувга чиққан GTA V дастлабки 24 соатда тахминан 800 миллион долларлик савдо ҳажмига эришган эди. Янги ўйиннинг кўрсаткичи эса бундан қарийб беш баравар юқори бўлди.
Шунингдек, GTA VI жаҳон прокатида энг кўп даромад келтирган “Қасоскорлар: Финал” фильмининг натижасидан ҳам ўзиб кетди. Мазкур фильм бутун дунё кинотеатрларида тахминан 2,94 миллиард доллар ишлаб топган.
Ўйин воқеалари Флорида штатидаги Майами шаҳри асосида яратилган хаёлий Вайс-Ситида кечади. Унда Лусия ва Жейсон исмли икки жиноятчи қаҳрамоннинг саргузаштлари акс этган.
GTA VI’нинг чиқарилиши уни ишлаб чиққан Rockstar Games’нинг бош компанияси Take-Two Interactive молиявий кўрсаткичларига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Компания ўйинни ишлаб чиқиш харажатлари 1 миллиард доллар ёки ундан кўпроқни ташкил этганини баҳолаган.
Маълумот учун, GTA VI’нинг чиқарилишини мухлислар 13 йилдан ортиқ вақт кутган. Ҳозирча ўйиннинг компьютерлар учун версияси ва онлайн кўп ўйинчили режими қачон тақдим этилиши аниқ эмас. Айрим соҳа таҳлилчилари улар 2027 йилда чиқиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Grand Theft Auto VI (GTA 6) видео ўйини расмий релизга қадар 1,5 миллиард доллардан ортиқ маблағ эвазига олдиндан буюртмалар тўплади ва энг йирик ўйин дўконларининг рекордларини ўрнатгани ҳақида хабар берилган эди.