Грузиядаги сайловда Путин “ғалаба қозондими?”
Таҳлил
−
30 Октябрь
73012012 йили Грузияда ўтган сайловлар замонавий Грузия асосчиси Михаил Саакашвилининг шонли даврига якун ясаб берди. Ўша пайтдан бошлаб мамлакат грузиялик миллиардер Бидзина Иванишвили томонидан асос солинган янги партия йўриғида бўлиб, ўтган 12 йил давомида Саакашвили мероси билан тинимсиз курашиб келган ҳолда ҳокимият жиловини ҳеч кимга бермай келмоқда. Сайловлар йили деб аталган жорий 2024 йилда бутун дунё бўйлаб 100 дан ортиқ мамлакатда ўтказиладиган парламент ва президентлик сайловлари мазкур Кавказорти давлатида Бидзинанинг кетма-кет уч маротабалик ғалабасига якун ясаш учун имкониятдек кўринганди. “Грузияни қутқариш учун бирлик”, собиқ президент Саакашвили асос солган “Бирлашган миллий ҳаракат” партияси ва собиқ президентнинг эски ҳамкорларидан ташкил топган “Ўзгариш учун коалиция” блоки уюшмаси кабилар амалдаги ҳукмрон партияни қулатишга уриниб кўрди. Аммо якунда ундай бўлмади ва бир неча кун илгари ўтказилган парламент сайловида “Грузия орзуси” партияси ўзининг кетма-кет тўртинчи ғалабасига эришди. Партия парламент ичида сезиларли даражада кўп ўринларни қўлга киритиб, мамлакат бошқарувида яна асосий бошқарув пакетига эга чиққанига қарамай, Грузия сиёсий элитасидаги вазият таранглигича қолмоқда. Бу келишмовчилик эса кўп эҳтимол биргина қонун лойиҳаси ва мазкур ҳужжат Грузияни Европа Иттифоқи билан боғлаб турган ипларни узиб ташлагани туфайли содир бўляпти. Бундан ташқари, 12 йилдан буён “тахт”дан тушмай келаётган “Грузия орзуси” партиясининг Россия ва Путинга мойил клан сифатида қараш мамлакатни узоқ вақтдан буён икки лагерга бўлиб юборди. Хўш, грузинларни 1 йилдан буён жиғибийрон қилиб келаётган “хорижий агентлар” ҳақидаги қонун ва 2008 йилда мамлакатнинг 10 фоиз ҳудудини тортиб олган Россия билан бугунги Грузиядаги ҳукмрон элитанинг эҳтимолий алоқалари ҳақида нималар маълум?
“Жанжалли” қонун нимани англатади ва у қандай етилди?
Грузияда “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси дастлаб 2023 йилнинг бошларида кун тартибига чиқишни бошлади. Март ойида кенг тарқалган норозиликлардан кейин ушбу қонун лойиҳаси қайтариб олинди. Вақт ўтиб, қонун лойиҳасига маълум ўзгартиришлар киритилди. Аммо ўзгаришлар ушбу лойиҳадаги асосий тушунчаларнинг номланишини ўзгартиришдангина иборат бўлди. Фақат айрим атамалар ўзгарган ҳолда қайтадан ишлаб чиқилган лойиҳанинг янги таҳририда улар “хорижий таъсир агенти” атамасини “хорижий давлат манфаатларини кўзлаётган ташкилот” билан алмаштиришга қарор қилди, аммо бошқа жиҳатларда у қайтариб олинган ҳужжатни тўлиқ такрорлади. Қонун лойиҳасида “хорижий агентлар” реестрини яратиш кўзда тутилган бўлиб, унинг энг муҳим мақсади, хорижий донорлар таъсирида фаолият олиб борадиган нодавлат ва нотижорат ташкилотларни қаттиқ назоратга олишдир. Унга кўра, 20 фоиздан ортиқ хориждан молиялаштириладиган барча нотижорат юридик шахслар ва оммавий ахборот воситалари реестрга киритилиши ва йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилишлари керак бўлади. Аммо, катта эҳтимол билан бу ҳаммаси эмас. Ушбу талаблар шунчаки “хамир учидан патир” бўлиши мумкин. Сабаби, бундай мазмундаги авторитар табиатга хос бўлган қонун лойиҳалари қабул қилинган Россия Федерациясида мустақил оммавий ахборот воситаларининг тақдири қандай якун топгани барчага маълум.
Кенг кўламдаги қаршиликларга қарамай, Грузиядаги ҳукмрон партия бу лойиҳани яна қайта жонлантиришга эришди. Хусусан, жорий йил апрель ойининг иккинчи ярмида бир неча кунлик парламент ичидаги ва кенг жамоатчилик орасидаги норозиликларга қарамай, Грузия парламенти “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. 1 май кунида бўлиб ўтган иккинчи ўқишда ҳам вазият ўзгармади. Биринчи ўқишда бўлгани каби, ҳужжатни 150 нафар депутатдан 83 нафари қўллаб-қувватлади. Бу орада минглаб одамлар парламент биноси олдидаги майдонда тўпланиб, қонун лойиҳасининг қабул қилинишига норозилик билдиришганига қарамай, халқ томонидан сайланган халқ хизматчилари уларнинг эътироз ва қаршиликларини назардан четда қолдирди.
Ва ниҳоят, жараёнга расман якун ясаб берган сўнгги учинчи овоз беришда Бош вазир Ираклий Кобахидзе муваффақиятга эришди ва глобал интеграцион талабга жавоб бера олмайдиган ушбу ҳужжатни парламентдан ўтказди. 150 ўринли қонун чиқарувчи органда 84 депутат қонунни ёқлаб, овоз бергандан сўнг қонун лойиҳаси салкам пишиб етилди. Чунки Президент бу ҳужжатга қарши вето қўйиш ваколатига эга бўлса-да, энди бу деярли ҳеч нимани англатмасди. Негаки, қоидага кўра, мазкур етарли даражада тўпланган овозлар билан парламент Президентнинг ветосини ҳеч қандай тўсиқларсиз бекор қила олади.
Бундай қонуннинг кучга киришига мутлақо қарши бўлган Грузия Президенти Саломе Зурабишвили эса қонун қабул қилинса, вето қўйишга ваъда бериб, “чиқмаган жондан умид” қабилида ўз ваъдасига содиқ қолди. У 18 май куни Грузия парламентида учинчи ўқишда қабул қилинган “Чет эл таъсирининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунга вето қўйди. Бу жараён ташқи кучларнинг ҳам кескин реакциясига сабаб бўлди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Грузия чет эл агентлари ҳақидаги қонунни қабул қилгудек бўлса, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатга санкция киритиши ҳақидаги огоҳлантириш билан чиқди. Бироқ “Халқ кучи” партияси аъзоси Созар Субари буни шунчаки “қуруқ гап” деб атаб, Ғарб томонга кескин жавоб қайтарди. У бу қонуннинг мақсади, Грузия ҳукуматини ташқи хуружлардан ҳимоя қилиш эканлиги ва АҚШ четдан молиялаштириладиган нодавлат ташкилотлар ва сиёсий партиялар қўли орқали мамлакатни итоаткор бошқарувга қайтаришга уринаётганини таъкидлади. Шу вақтда Европа Иттифоқи ҳам Грузиядаги ҳукмрон элитага қарши фронтга қўшилди. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Грузиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунининг мазмуни Европа Иттифоқи нормалари ва қадриятларига мос келмаслигини билдирди.
Президент ва Бош вазир қарама-қаршилиги. Ҳокимият кимнинг йўриғида?
Юқорида жуда кўп бора таъкидлаганимиздек, Президент Зурабишвили қонун лойиҳасига вето қўйди, аммо бу жуда оз нарсани англатарди. Чунки Грузия ҳозирда парламентар республика ва бундай турдаги бошқарув шаклида Президентнинг ваколатлари амалда анчагина чекланган бўлиб, бу муҳитда ҳақиқий ҳокимият Бош вазирга тегишлидир. Президент ва ҳукумат эса бу масалада бир-биридан кескин фарқ қилувчи икки хил позицияда турди. Зурабишвили ўз интервьюларида қонун лойиҳасини Россияда шу масалада қабул қилинган ҳужжатнинг “аниқ нусхаси” деб атади. Бу масала бўйича нафақат Зурабишвили, балки Ғарб дунёсининг жуда кўплаб расмийлари ҳам шундай фикрда эди. Уларнинг қарашларини умумлаштириб турувчи нуқта эса, агарда мазкур қонун кучга кирса, бу мустақил матбуот ва фуқаролик жамияти учун оғир даврларни бошлаб беради. Европа иттифоқига киришга ҳаракат қилаётган давлат эса ўзининг бу ҳаракати билан қитъа эшикларини ўз қўли билан ёпади.
Президент Зурабишвили CNN билан суҳбатда ҳали ҳам имконият борлиги, чунки 2024 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловлар аҳолига қонунни “бекор қилиш” учун айни муддао эканини айтганди. Дарҳақиқат, Саломе Зурабишвилининг бу гапида бир қадар жон бор эди. “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси ўзининг бу ҳаракатларини айнан парламент сайловлари йилида амалга ошириб, катта таваккалчиликка қўл ураётганди. Қонун октябрь ойида ўтадиган парламент сайловидан атиги 6 ой олдин қабул қилинди. Бу вақт эса кенг жамоатчиликнинг расмийларга нисбатан вужудга келган ғазаб ва нафратининг сўниши учун жуда озлик қиларди. Қонун лойиҳаси қабул қилинишидан бир ой олдин Тбилисида бир қанча оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Шундай норозилик намойишларидан бирида 50 мингга яқин одам пойтахт кўчаларига чиқиб, “Россия қонуни” деб аталаётган лойиҳага нисбатан ўзининг жиддий норозилигини билдирди. Ўша пайтда норозиликнинг асосий ўчоғи фақат пойтахт Тбилиси бўлса-да, кейинчалик мазкур қаршиликларнинг шамоли Грузиянинг бошқа қисмларида эсмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмасди. Айниқса, бу кайфият сайлов пайти янада авж олиб, овоз бериш жараёнига ўзининг сезиларли таъсирини ўтказиш хавфи ҳам бор бўлиб, “Грузия орзуси” партиясини айнан шу масала жиддий хавотирлантириши лозим эди. Чунки уларга қарши мухолифат ампуласидан жой олган Президент Саломе Зурабишвили айнан шу ҳақдаги режасини очиқлади.
“Биз жамиятнинг ушбу сафарбарлигидан ва сиёсий партияларнинг бирлашувидан фойдаланиб, ушбу сайловларда ғалаба қозонишимиз керак, чунки бу Европа усули”, деди у.
Мухолифат жамоатчиликнинг фаол қатламидан фойдаланиши олдиндан тахмин қилинган жараён эди. Аслида бундан бошқа йўл ҳам мавжуд эмасди. Улар аллақачон масаланинг юридик томонини бой берган, парламентдаги устунлик тўлақонли ҳукмрон партия қўлида эди. Одатда, парламентар республикада бирон мақсадга эришиш учун шунинг ўзи етарли ҳисобланади. Шундай экан, бу ҳолатда Президент ва у билан бир йўлакка тушиб олган мухолифатнинг ушбу масаладаги имкониятлари октябрь ойигача жуда паст эди.
“Грузия орзуси” ва мухолифат партияларнинг ҳақиқатлари
Грузия иқтидоридаги “Грузия орзуси” партияси ушбу қонун лойиҳаси шаффофлик ва миллий суверенитетни қўллаб-қувватлашини тинимсиз таъкидлаб, Ғарбнинг ушбу қонунга қарши қаратилган танқидларига ўта жиддий риторикада жавоб қайтариб келди.
“Чет эл таъсирининг шаффофлиги тўғрисида”ги қонуннинг асосий ижодкорлари ҳисобланадиган “Грузия орзуси” партияси томонидан ўртага ташланган устувор масала хавфсизлик эканлигини қонуннинг мазмун-моҳиятидан англаш қийин эмас. Бугунги кунда Грузияда иқтидорда турган шахслар хавфсизлик сўзи ортида аниқ бир жараённи назарда тутаётган бўлиши мумкин. Бу – “рангли инқилоб” ярасидир. Тўғри, яқин ўтмишда грузин сиёсий ҳаётида содир бўлган “рангли инқилоб” мамлакат учун кенг кўламдаги ижобий ўзгаришларни тақдим этди, бироқ ҳар сафар бу турдаги инқилоб содир бўлар экан, жамоатчилик орасида инқилоб билан келган янги ҳукуматнинг “мустақил” эканлигига шубҳа туғилаверади. Устига-устак бу ҳодиса “рангли инқилоб”лар отаси Жорж Сороснинг тириклик пайтида содир бўлиши шубҳа ва гумонларни янада кучайтиради. Грузиянинг амалдаги ҳукумати айнан шундай сценарий содир бўлиши ва ушбу инқилобларни дастакловчи ташқи молиявий донорлардан хавотирда. Чунки Грузия рангли инқилоблар тарихининг энг олдинги саҳифаларидан жой олган мамлакат ҳисобланади. Тўғри, бугун Сорос ер юзида қандай таъсирга эга экани борасида аниқ бир хулосага келиш мушкул, бироқ унга ўхшаган янги “қўғирчоқбозлар”нинг яна бўй кўрсатмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.
Аммо мухолифатнинг ҳам бу борада ўз хавотирлари ва шу хавотирга сабаб бўлувчи ўзига яраша асослари мавжуд. Янги давр тарихидаги ҳозирча дунёнинг энг жозибадор иттифоқ модели бўлиб келаётган Европа Иттифоқига қўшилиш ўзи билан бир қатор истиқболларни етаклаши мумкин. Грузия Президенти ва унинг ҳамфикрлари бугун оғзи ошга етай деганда байрамнинг бекор бўлишидан жиддий хавотирда. Сабаби “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун Европа қадриятларига мутлақо зид ва буни иттифоқнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти умуман қабул қилмайди. Бу эса Грузиянинг иттифоққа кириш жараёнини деярли тўхтаб қолишини англатарди.
Ғарбнинг кескин реакцияси
28 май куни Грузия парламенти “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунга қарши қўйган ветосини бекор қилди. 3 июнда эса парламент раиси Шалва Папуашвили мазкур ҳужжатни имзолади. Бундан ташқари, мазкур қонунга мувофиқ ташкилотларнинг реестрда рўйхатдан ўтишдан бош тортиши уларнинг мол-мулки олиб қўйилиши ва фаолияти тугатилишига олиб келиши ҳақида огоҳлантириш берилди. Шу лаҳзадан бошлаб, коллектив Ғарб Грузияни ўзидан итара бошлади. Хусусан, 20 июнь куни “Interpress” ахборот агентлиги Европа Иттифоқининг мамлакатдаги элчиси Павел Герчинскийга таяниб, Грузиянинг Европа Иттифоқига кириш жараёни “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун туфайли тўхтатилгани ҳақида хабар берди. Герчинский ушбу қонуннинг қабул қилиниши оқибатида Грузия ва ЕИ ўртасидаги муносабатларда жуда қийин давр бошланганлиги ва мамлакатнинг иттифоққа интеграциялашувини музлатиб қўйганини маълум қилди. Бунгача Грузия 2023 йилнинг декабрь ойида ЕИга кириш учун номзод мақомига эга бўлган, бироқ иттифоқ расмийлари Кавказорти давлати қўшилишдан олдин бажариши керак бўлган баъзи муҳим ислоҳотларни амалга оширишни кечиктираётганлигини айтганди. Жорий йил июнь ойига келиб эса Грузиянинг номзод мақоми ҳам деярли йўққа чиқди. Европа Иттифоқининг Бош дипломати Жозеп Боррель амалдаги ҳукумат ўзининг мазкур сиёсатини ўзгартирмаса, ЕИ Грузия учун барча “эшикларни ёпиши”ни маълум қилди. Ёз ўртасига келиб, ЕИнинг Грузиядаги элчиси Павел Герчинский иттифоқ раҳбарияти Грузиянинг ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини тўхтатишга қарор қилганини эълон қилди. Ғарб Грузия билан бошлаган кўплаб лойиҳа ва режаларини бирин-кетин бекор қила бошлади. Жумладан, АҚШ Мудофаа вазирлиги 5 июль куни стратегик муносабатларни қайта кўриб чиқиш муносабати билан 2024 йил ёзида режалаштирилган “Noble Partner 2024” номли Грузия-Америка ҳарбий машғулотларини номаълум муддатга қолдирилганини маълум қилди. Худди шу сабабга кўра, ЕИ Грузия Мудофаа вазирлигига ажратилиши режалаштирилган 30 миллион еврони ҳам музлатиб қўйди. Октябрь ойига келиб, Тбилиси ва Брюссел ўртасида бир неча ойлардан буён умуман алоқа қилинмагани ва Грузия раҳбарияти Европа Иттифоқи билан дўстона муносабатда бўлмагани учун икки ўртадаги юқори даражали учрашувлар расман тўхтатилди.
“Хорижий агентлар” қонун лойиҳаси Россия ёки Ғарб танлови ўртасидаги Грузиянинг қарорими?
Қонуннинг қабул қилиниши ўз-ўзидан ўринли бир савол туғдиради: Грузиянинг келажаги кимга боғлиқ? Анча йиллар олдин мамлакат ҳудудининг нақд 10 фоизини тортиб олган ва бу ишни тарихда ҳам, ҳозир ҳам қўшниларига нисбатан амалга ошириб келаётган Россия биланми?
Сўнгги йилларда постсовет ҳудудидаги давлатларнинг кўпчилиги ўз векторини танлаб улгурди. Бу танлов баҳсида Россия аллақачон коллектив Ғарбга имкониятни бой берди. Болтиқбўйи ва Кавказорти ўз йўналишини Россиянинг истаклар доирасидан ташқарига олиб ўтишга улгуришган. Аммо кўпчилик бугун Грузияда қабул қилинаётган “хорижий агентлар” масаласидаги қонун ҳужжатини ҳукуматнинг Кремлга нисбатан хайрихоҳ эканлигининг ишораси сифатида кўрмоқда. Бунинг энг асосий сабаби, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Россияда ҳам шундай мазмундаги қонун лойиҳаси мавжудлиги ва бу Федерацияда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларининг ҳаракатларини бўғиб ташлаганидир. Бундан ташқари, кўпчилик грузинлар 2008 йилда Грузияга бостириб кирган ва унинг халқаро тан олинган ҳудудининг каттагина қисмини ноқонуний эгаллаб олган Кремлга нисбатан қаттиқ адоватда. Сўровлар ҳам буни тасдиқлаган ҳолда, грузияликларнинг 80 фоизга яқини Кремль орбитасига тушиб қолишдан кўра Европа Иттифоқига қўшилиш тарафдори эканини очиқлайди.
“Грузия орзуси” партияси эса мазкур машмашалар ва яна бошқа бир қанча омиллар туфайли узоқ вақтдан бери россияпараст партия сифатида талқин қилинади. Айниқса, партия асосчиси Бидзина Иванишвили бойлигининг катта қисмини Совет Иттифоқи ва унинг сиёсий вориси Россияда орттирганлиги бу айбловни янада жонлантиради. Сўзимиз бошида тилга олинган Иванишвилига тўхталиб ўтиш бу борадаги фикрларни бир қадар тартибга солишимизга ёрдам беради. Бидзина Иванишвили миллиардер ва собиқ сиёсатчи ҳисобланади. Ўз вақтида Бидзинанинг бойлиги Грузиянинг бутун бошли бюджетидан ҳам кўп бўлгани эътироф этилади. У 2011 йилдан сиёсат билан фаол шуғулланишни бошлаган. У “Грузия орзуси” партиясининг асосчиси ҳисобланади. 2012 ва 2013 йиллар оралиғида ҳукуматни бошқарган Иванишвили фаолияти давомида ўзининг сиёсий вориси сифатида ҳозирги Грузиянинг Бош вазири Ираклий Гарибашвилини танлади. Ўзи эса 2021 йилда партия раислигидан ҳам, партиядан ҳам чиққанини эълон қилди. Бироқ мазкур ҳолат унинг сиёсатни тўлалигича тарк этганини англатмайди ва бугун Иванишвили Грузияда унинг улкан таъсирга эга. Бидзина айни дамда “Forbes” талқинига кўра, дунёнинг энг бой 600 миллиардерлари қаторидан ўрин олган. Унинг умумий капитали тахминан 6-7 миллиард доллар атрофида. Иванишвили ва у томонидан асос солинган партия россияпараст қонун лойиҳасини қўллаётгани ва унинг ўзи бойлигининг катта қисмини Россияда орттиргани Грузиянинг амалдаги ҳукумати Кремль томонга оғишмоқда деган тасаввурларнинг пайдо бўлишига йўл очади.
Грузияда ҳеч нарса ўзгармади
Узоқ давом этган кескинликдан сўнг, Грузия парламент сайловларига етиб келди. Сайловга бир ҳафта қолганда 20 октябрь куни Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида намойишлар яна қайта жонланиб, унда Президент Саломе Зурабишвили ҳам қатнашди. Зурабишвили парламент сайловларида фуқаролар мамлакатнинг Европа келажаги учун овоз беришига ишонч билдирган ҳолда ўзининг сўнгги имкониятларини ишга солишга уринди. 26 октябрда эса узоқ кутилган кун ҳам келди. Шу куни Грузияда парламент сайловларида овоз бериш бошланди. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 08:00 да очилди. Парламентдаги 150 нафар депутат номини аниқловчи мазкур жараёнда мамлакатнинг 3 ярим миллиондан ортиқ фуқароси овоз бериш ҳуқуқига эга эди. Аммо Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, парламент сайловларида сайловчиларнинг бор йўғи 58,9 фоизи, яъни 2 миллионигина қатнашди. Ҳаммаси бўлиб 18 та партия, жумладан 4 та сайлов блоки 5 фоизлик сайлов чегарасидан ўтиш учун курашди. Қоидага кўра, сайлов натижаларидан кейин парламентда 76 ўрин олган сиёсий партия ёки блок якка тартибда ҳукумат тузиши мумкин эди.
Дастлаб турли хил тарафкаш манбалар ўзларининг эхит-полл натижаларини эълон қилди. Жумладан, ҳукуматга яқин, “Грузия орзуси” партиясининг асосчиси Бидзина Иванишвилига тегишли бўлган “Имеди” телеканали томонидан эълон қилинган сўров натижаларини эълон қилди. Унга кўра, “Грузия орзуси” партияси 56,1 фоиз, парламентга кириш учун 5 фоизлик чегарадан ўтган учта мухолифат блоки эса 31,2 фоиз овоз тўплаганди. Аммо мухолифатчи “Мтавари” канали томонидан эълон қилинган сўровда турли натижаларда мутлақо бошқа рақамлар акс этди. Канал “Грузия орзуси” бу йилги сайловда 42%, мухолифат эса 48% овоз тўплаганини эълон қилди. “Формула” телеканали эса мухолифатнинг ғалаба қилганлик эҳтимоли янада катталигига ишора қилган ҳолда, сайловчиларнинг атиги 40,9 фоизи “ Грузия орзуси”га, 51,9 фоизи эса мухолифат блокларига овоз бергани ҳақида маълумот берди. Албатта, булар, расмий натижалар эмас, балки сўровномаларнинг ҳосиласи эди холос. Шунга қарамай “Грузия орзуси” партияси асосчиси Бидзина Иванишвили ҳам мухолифатни қўллаб-қувватловчи Грузия президенти Саломе Зурабишвили расмий ҳисоб-китоблардан илгари ўзларини ғолиб деб эълон қилди.
Аммо бир кун ўтиб, 27 октябрда овозлар ҳисоблаб чиқилгач, Грузия Марказий сайлов комиссияси мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайловларида расман қайси томон ғолиб бўлгани эълон қилинди. Унга кўра, 12 йиллик ҳукмрон партия - “Грузия орзуси” жами 54,08% овоз йиғиб, 89 та депутатлик ўрнини қўлга киритган ҳолда, ғалаба қозонди. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, парламентга тўртта асосий мухолифат блоки ҳам киради – “Ўзгаришлар коалицияси” (10,9 фоиз), “Бирлашган миллий ҳаракат” (10,12 фоиз), “Кучли Грузия” (8,72 фоиз) ва “Грузия учун” (7,76%). Қолган партиялар беш фоизлик чегарадан ўта олмади. Аммо кутилганидек, зиддият бу билан якунланиб қолмади. Мухолифат партиялар парламент сайловлари натижаларини тан олишдан бош тортди. “Бирлашган миллий ҳаракат” партияси раҳбари Тинатин Бокучава ҳукмрон партияни “сайловларни ўғирлашда” айблади. Бундан ташқари, 5 фоизлик чегарадан ўтган мухолифат партиялари янги парламентда ишлашдан бош тортди ва ички музокаралардан сўнг норозилик намойишларини эълон қилди. АҚШ Грузиядаги парламент сайловларида аниқланган қонунбузарликлар ва сайлов жараёнига даъво қилинган аралашишларни тергов қилишга чақирди. Грузия пойтахти Тбилисидаги парламент биноси олдида сайлов натижаларига қарши митинг бошланди. Акция мамлакат Президенти Саломе Зурабишвилининг чақириғи билан ташкил этилди. Намойишчилар қўлларида Грузия ва Европа Иттифоқи байроқлари, шунингдек, баннерлар кўтармоқда. Намойишчилар Руставели хиёбонида тўпланиб, майдон бўйлаб машиналар ҳаракатини тўсиб қўйишди. Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ҳам ўз мурожаатида барчани митингга чақирди. Оммавий норозилик ортидан Грузия Марказий сайлов комиссияси парламент сайловлари бўйича маълумотларини қайта текшириш мақсадида ҳар бир сайлов округида бешта сайлов участкасининг бюллетенларини қайта санаш тўғрисида қарор қабул қилди. Аммо мазкур қайта ҳисоблаш жараёни ҳукуматни шакллантириш учун белгиланган ўринлардан 13 та кўп депутатлик ўрнига эга бўлган “Грузия орзуси” партиясининг мавқеига зарар етказиши даргумон.
Шу аснода Путин учун кўп йиллар давомида жиддий бош оғриқ бўлган собиқ президент ва айни дамдаги маҳбус Михаил Саакашвилини ағдарган ва кейинчалик банди қилган олигарх Бидзина Иванишвилининг партияси яна ҳукумат тепасида қоладиган бўлди. Бу бугун Грузияга 2008 йили қўшин киритиб, унинг икки ҳудудини оккупация қилган Путин билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш орқали 2030 йилгача Абхазия ва Жанубий Осетияни Россиядан қайтариб олишга ҳаракат қилаётган ва шу йили Европа Иттифоқига ҳам бир йўла қўшилишни хаёл қилаётган “Грузия орзуси” партиясидир.
LiveБарчаси