Грузияда яна намойиш. Бу сафар “Миша”га қарши

Олам 5276
image

Бугун, 16 октябрь куни Михаил Саакашвили жазони ўтаётган Рустави шаҳридаги қамоқхона олдида Грузиянинг собиқ Президентига қарши намойиш бўлиб ўтди. Унда 100 дан ортиқ одам иштирок этди. Ушбу жараёнларни Грузиянинг Имеди телеканали жонли эфирда намойиш этди

Қайд этиш керакки, ушбу телеканал Саакашвили президентлиги даврида унга қарши мухолиф ОАВ ҳисобланган. 

“Менинг орқамдаги муассасада бўлган одам, яъни Михаил Саакашвилини назарда тутяпман, ҳеч қачон сиёсий маҳбусга айланмайди. У жиноятчи. Агар биз ҳамма нарсани четга суриб қўйсак ҳам, у Грузияга террорчи сифатида бостириб кирди. Чегарани кесиб ўтиш учун унда жасорат ҳам йўқ”, дейди митинг иштирокчиларидан бири Торнике Молашвили. Ушбу намойишчининг укаси Саакашвилининг президентлиги даврида қамоққа “ташланган”.

Хабарга кўра, қамоқхона яқинида автомобиллар ҳаракати тўхтатилган. Яқин атрофда хавфсизлик кучайтирилиб, полиция отрядлари сони оширилган. Намойишчилар Саакашвилини озод қилиш талабларига қарши эканликларини маълум қилишган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 октябрь куни собиқ Президентнинг минглаб тарафдорлари “Мишага озодлик” ҳайқириғи остида Грузия пойтахти Тбилиси марказида намойишга чиққанди. 

Таъкидлаш керакки, Грузиянинг ҳозирги даражасига чиқишида поссовет ҳудудидаги энг кучли реформатор ҳисобланган Михаил Саакашвилининг хизматлари катта. Бироқ дадил ислоҳотлар ҳамда коррупцияга қарши қатъий курашнинг ортидан “Миша” ўзига яраша душман ҳам орттиришга улгурган ва айнан улар бугун собиқ Президентнинг озод қилинишига қарши митинг ўтказди.

Айни вақтда Украина фуқароси ҳисобланган Михаил Саакашвили жорий йилнинг сентябрь ойи охирида ватани – Грузияга қайтди ва октябрь ойи бошида ҳибсга олинди. Унга нисбатан ўз ватанида бир неча моддалар билан жиноят иши қўзғатилгани ва қидирувга берилгани сабаб қўлга олинган.

Ўз навбатида, Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат фуқароси ўзга юртда ҳибсга олингани ҳақидаги хабардан хавотирда эканини маълум қилган.

Маълумот ўрнида, Михаил Саакашвили 2004-2013 йилларда Грузия Президенти бўлган. Президентлик муддати тугашига оз вақт қолганида у мамлакатни тарк этган. Шундан сўнг, унга нисбатан тўртта жиноий иш очилган, улардан иккитаси бўйича 2018 йилда ҳукм чиқарилган:

  • Тбилиси шаҳар суди Саакашвилини 2006 йилда Грузия Бирлашган банки ходими Сандро Гиргвлианининг ўлдирилишида сиртдан уч йилга озодликдан маҳрум қилган;
  • ўша йилнинг июнь ойида суд 2005 йилда депутат Валерий Гелашвилининг калтакланиши иши бўйича собиқ Президентни олти йилга озодликдан маҳрум қилган.
Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 74
Рейтинг: 3
t
×