Грузия намойишларда қатнашган 25 хорижликни депортация қилди

Олам

image

Грузиянинг Ички ишлар вазирлигига қарашли Миграция бошқармаси 2024 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида турли мамлакатлардан бўлган 91 нафар, жумладан, норозилик намойишларида иштирок этган 25 нафар хорижий фуқарони мамлакатдан чиқариб юборди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, айримлар мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этган, бошқалари эса Миграция бошқармаси томонидан мажбурий равишда депортация қилинган.

Расмий маълумотларга кўра, чиқариб юборилганлар орасида Эрон, Жазоир, Ҳиндистон, Марокаш, Шри-Ланка, Миср, Покистон, Нигерия, Ироқ, Туркия, Озарбайжон, Россия, Туркманистон каби давлатларнинг фуқаролари бўлган.

“Депортация қилинган шахслар орасида ноябрь-декабрь ойларида Тбилисида бўлиб ўтган норозилик намойишларида қатнашиб, суд томонидан маъмурий жазога тортилган 25 нафар хорижлик ҳам бор. Улардан 10 нафари аллақачон мамлакатни тарк этган”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, 2024 йил давомида Миграция бошқармаси жами 430 нафар хорижликни Грузиядан чиқариб юборган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 126 фоизга кўпдир.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 26 октябрь куни Грузияда парламент сайловлари бўлиб ўтганди. Марказий сайлов комиссияси эълон қилганидек, ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси 54 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. Мухолифат овоз беришнинг расмий натижаларини қабул қилишдан бош тортди ва кўплаб қонунбузарликларни баҳона қилиб, норозилик намойишларига чақирди. Полиция бир неча бор намойишчиларни тарқатиб юборди.

28 ноябрь куни Бош вазир Ираклий Кобахидзе 2028 йилгача Грузиянинг ЕИга кириши бўйича музокаралардан бош тортишини маълум қилди. Шундан кейин норозиликлар янада кенгайди. Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳукмрон партиянинг қарорини қоралаб, Грузия билан ҳамкорликни кескин қисқартирди.

Мухолифат Европа Иттифоқини “Грузия орзуси” ҳукуматининг қонунийлигини тан олмасликка чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия намойиш депортация

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг