Грециядан тортиб Украинагача: дунё ҳамжамияти Туркия ва Сурияга ёрдам беради
Олам
−
06 Февраль 2023
6980Халқаро ҳамжамият Туркия ва Сурияга ҳар икки давлатда юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган даҳшатли зилзиладан кейин ёрдам таклиф қилмоқда. Бу ҳақда “Deutsche Welle” нашри хабар берди.
“Биз ҳамкорларимизга тезкор ёрдам берамиз”, деб ёзган Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Twitter'да.
Италия Бош вазири Жоржия Мелони офат ҳудудидаги вазиятни кузатмоқда ва жабрланганларга ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, у ёрдам таклиф қилган.
Греция расмийлари Афина ва Анқара муносабатларидаги жиддий кескинликларга қарамай, зилзила ҳудудига қутқарув гуруҳларини жўнатишга тайёрлигини маълум қилган.
“Греция зудлик билан ёрдам беради”, дейди Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис.
Бельгия ҳам зилзиладан кейин қутқарув ишларига ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
“Туркия ва Сурия халқлари билан биргамиз. Европа Иттифоқи ёрдам беришга тайёр”, деб ёзган Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель.
Шунингдек, Исроил ҳукумати ҳам Туркияга инсонпарварлик ёрдами юборишни маълум қилган.
“Хавфсизлик кучларимиз керак бўлган ҳар қандай ёрдамни беришга тайёр, дейди Исроил Мудофаа вазири Ёав Галант.
Бундан ташқари, Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам Туркияга зарур ёрдам кўрсатишини айтиб ўтган.
“Президент Эрдўғанга, турк халқига ва Туркиядаги зилзила қурбонларининг оила аъзоларига ҳамдардлик билдираман ва барча жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайман. Биз Туркия халқини бу қийин пайтда қўллаб-қувватлаймиз. Биз табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрмиз”, дейди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқида юз берган зилзила оқибатида қурбон бўлганлар сони 912 нафарга етди, 5385 нафар фуқаро тан жароҳати олди. Ўзбекистон ҳам Туркияга инсонпарварлик ёрдами жўнатиши маьлум қилинди.