Google нофаол ҳисобларни ўчиришни бошлади
Технология
−
02 Декабрь 2023
4782Google 1 декабрдан фойдаланилмаётган аккаунтларни ўчиришни бошлади. Бу ҳақда компания хабар берди.
Унга кўра, компания жорий йилнинг сўнгги ойи бошланиши билан Google Workspace'даги маълумотлар (Gmail, Docs ҳужжатлари, аудио қўнғироқ ва видео конференция хизмати, календарь) ва Google Photos бўлимидаги баъзи суратларни ўчиришни бошлаган.
Изоҳ берилишича, агар фойдаланувчи охирги 2 йил давомида Google хизматларидан бирор марта ҳам фойдаланмаган бўлса, унинг ҳисоби нофаол ҳисобланади. Бундай ҳолатда ушбу аккаунтларнинг эгалари нафақат унга кириш ҳуқуқини, балки ҳисоб орқали рўйхатга олинган Google хизматларида сақланган барча контентларини ҳам йўқотади.
Аммо компания ҳисобни ўчиришдан олдин фойдаланувчига электрон почта орқали билдиришномалар юборишини ҳам қўшимча қилган.
Ўз ҳисобини сақлаб қолиш учун фойдаланувчилар шунчаки Google ҳисобига кириши ва уни фаоллашитириши керак. Масалан, Gmail'дан электрон почта хабарини очиши, Google Drive, YouTube'га нофаол ҳисобдан кириши ёки веб-сайтда рўйхатдан ўтиш учун улардан фойдаланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Google Исроил ҳарбийлари талабига кўра, Исроил ва Ғазо секторидаги Google Maps ва Waze иловаларидаги трафик маълумотларини ўчириб қўйганди.